“Қора кийинган одам” операцияси. Жавобсиз саволлар

Santa Monica Shooting

Калифорния штатидаги Санта-Моника коллежида содир этилган отишма натижасида 5 киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши тан жароҳати олди. Дастлабки маълумотларга кўра, номаълум шахс аввалига аҳоли туруржойларининг бирида икки кишини, кейин Санта-Моника коллежига йўл олади. У ерда ҳам икки нафар киши умрига зомин бўлади. Аввалига полиция вакиллари 6 нафар киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатган бўлса-да, кейинчалик отишма чоғида қонунбузарнинг ўлдирилиши билан бу рақам 5 нафарга камайтирилди.

Ўқ очган одам, сўнгги маълумотларга кўра, 8 июнь куни 24 ёшга тўлган бўлиб, махсус ҳимоя кийими билан ҳимояланган ҳамда ҳужум винтовкасига эга бўлган. Санта-Моника коллежи АҚШ президенти Барак Обама иштирокида жума куни хайрия акцияси бўлиб ўтган эди. Полиция вакилларига кўра, оммавий қотилликда айбланаётган шахс отишма чоғида ўлдирилган. Гумондор тим қора рангда кийиниб олган.

Санта-Моника полицияси бугун маълум қилишича, гумондор Калифорния коллежининг собиқ талабаси бўлган. Воқеа пайтида ўз уйид бўлган Жерр Ратнер гувоҳлик беришича, “У (айбланувчи) машинага қарата 3-4 марта ўқ отди: бах, бах, бах! — Аёл кишига қарата отилганди ҳаммаси”. Университет кутубхонаси йўлида у яна бир аёлни отиб ўлдирган. Ўша пайтда талабалар битирув имтиҳонларига тайёрланишаётган эди.

Коллеж маъмурияти ходими Трена Жонсоннинг айтишича, “Биз ўқ қандай қилиб унинг бошига текканини кўрдик. Шу даражада қўрқдимки, ўзимни тўхтата олмасдан қалтирар эдим”. Кейин у кутубхонага кириб, одамларга қарата ота бошлайди. Аммо шаҳар полицияси раҳбарининг айтишича, ҳеч кимга ўқ тегмаган.

Маҳаллий полиция сўзларига кўра, яна бир эркак киши ҳибсга олинган. Унинг футболкасига “Ҳаёт — таваккал ўйин” деган ёзув битилган.

Санта-Моника полициясига кўра, отишмани содирган шахсда 1,3 мингдан ортиқ патрон, битта пистолет ва аримавтомат винтовка бўлган.

Маълумки, ўтган йили Коннектикутдаги бошланғич мактаб содир этилган мудҳиш жиноят бутун дунёни ларзага солганди. Негаки, 20 норасида болакайлар ва 6 нафар аёлнинг умрига зомин бўлган ушбу қотилликни ҳеч нарса билан оқлаб ҳам, тушуниб ҳам бўлмайди.

Умуман, бундай отишмалар узоқ йиллар мобайнида давом этаётган АҚШ конституциясининг иккинчи тузатиши билан боғлиқ баҳсларни яна авжига чиқарди.

Mother Jones журнали ўтказган тадқиқотга кўра, 1982 йилдан бери АҚШда бўлиб ўтган 62 та оммавий қирғинларнинг тўртдан бир қисмида барча турдаги қуроллар ишлатилган. Америкада одамларнинг қўлида 300 миллион дона атрофида ўқотар қуроллар мавжуд. Ваҳоланки, АҚШ аҳолиси ушбу рақамдан бироз кўпроқ, холос. Small Arms Survey тадқиқот марказига кўра, 2007 йилда ҳар 100 кишига 88,8 дона қурол тўғри келган.

Бироқ, АҚШ конституциясига кўра, ўзини ҳимоя қилиш мақсадида қурол олиб юришга ҳар бир америкаликнинг ҳаққи бор. Шундай бўлса-да, аксарият америкаликлар бу ҳуқуқни қайта кўриб чиқишнинг фурсати етди, деб ҳисобламоқда.

Аммо қуролдан фойдаланишни ҳар қандай чеклашга қарши турувчиларнинг сони ҳам жуда кўпчиликни ташкил қилади. Биргина Миллий ўқчилар ассоциацияси ўз атрофига 4 миллион нафардан ортиқ одамни бирлаштирган. Сўнгги йилларда қурол билан боғлиқ жиноятларнинг кам содир бўлгани бу мавзуни орқага суриб ташлаётган эди. Умуман, қурол-яроғдан эркин фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш тарафдорларини ҳам у даражада кўп, деб бўлмайди. “Сўнгги йигирма йил давомида олиб борилган сиёсат қурол эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган эди”, деб ёзғиради Нью-Йорк университети тадқиқот маркази директори Жеймс Жейкобс.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2008 йилда АҚШ олий суди америкаликлар нафақат ўзини ҳимоя қилиш мақсадида, балки шахсий мақсадларида ҳам қуролга эга бўлиши мумкинлиги хусусида қарор қабул қилди.

Автоматик қуролларга эгалик қилишни чеклашга доир ташаббуслар партиялар нуфузига жиддий зарба бериши боис ушбу мавзуда имкон қадар эҳтиёткорроқ гапиришади. Дюка университети вакили Кристин Госснинг айтишича, ушбу масалада бонг уриш обрў келтирмаслигини демократлар яхши тушунишади. Ҳақиқатан ҳам, 2012 йилги президентлик учун сайловолди кампаниясида қурол-яроғдан фойдаланиш масаласида умуман гапирилмагани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Бошқа мамлакатларда оммавий қотиллик натижасида қурол-яроққа эмин-эркин эгалик қилишга чекловлар ўрнатилган. Масалан, Буюк Британияда 1987 йилги Хангерфорддаги қирғинбаротдан сўнг қурол-яроғнинг эркин муомаласи чекланган. Шотландияда ҳам бошланғич мактабда содир бўлган воқеа шундай қарорга олиб келган. Бундай тартиб Финляндия, Австралияда ҳам жорий этилган.

Аммо барча оммавий қотилликлар ҳамма давлатларда ҳам чекловларга олиб келмаган. Масалан, 2011 йилда Норвегияда Андерс Брейвик 80га яқин кишининг ҳаётига зомин бўлди. Аммо Норвегия бу борадаги қонунчиликни ўзгартириш керак, деб ҳисобламади. Ва албатта, Washington Post ҳисоб-китобига қараганда, 2012 йилда ўқотар қуролларни қўллаш орқали 13 марта оммавий қотиллик содир этилган бўлса-да, АҚШ ҳам бу қонунчиликни ўзгартириш ниятида эмас.

Американинг қурол-яроғ билан боғлиқ қонунчилиги фалсафаси бир-бирини инкор қиладиган тамойилга эга. Чунки ушбу 2-тузатиш киритилган пайтда Америка ҳукумати ўз фуқароларини ҳимоя қилишга қодир бўлмагандир, лекин бугун АҚШ нафақат ўз ҳудудида, балки дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, ўз фуқаросини ҳимоя қилиш қудратига ва салоҳиятига эга. Айни чоғда Америка мана шундай муқаддас ҳуқуқ — шахс эркинлиги ва ҳуқуқларини таъминланган давлатга айланиш учун юз минглаб қурбонларни берган, сара фарзандларидан айрилган. Ҳар қандай террор, қотиллик жазосини олади, лекин улар ортидан келадиган чекловлар юз минглаб қурбонлар олдида ўзини оқлайдими? Масалага шу тарафдан қарайдиган америкаликлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса ушбу воқеаларга ўзига хос муносабат билдиришмоқда. Бир қисми буни “Демократиянинг оқибати” деб билса, айримлари “Америкага Яратганганнинг жазоси”, айримлари эса ўта кескин муносабат билдиришди: “Ҳақиқат, бу жинни мамлакат”….

Албатта, Америка ўзига хос қадриятларга эга мамлакат, лекин у ёки бу офат ёхуд фожеа учун демократияни айблаш ўринсин. Бу америкаликлар учун принципиал аҳамиятга эга масала бўлгани учун ҳам уни жамият муҳокама қилмоқда. Лекин тинч аҳоли вакилларининг бундай хунрезлик қурбони бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.