Ўзбекистон миллий терма жамоаси августда Туркия билан ўйнайди

6418Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 14 август куни Тошкентда Туркия миллий терма жамоасини қабул қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов 18 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида хабар берди. Бундан бир неча кун аввал, Туркия футбол федерацияси ҳам ушбу хабарни эълон қилган эди.

Туркия футбол федерацияси сайтида келтирилган терма жамоалар тақвимига кўра, 14 август куни Туркия миллий терма жамоаси Ўзбекистонда ўртоқлик учрашуви ўтказади. Қайд этиш жоиз, шу вақтгача Ўзбекистон ва Туркиянинг бошқа ёш тоифалардаги терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувлари ўтказилган, бироқ миллий терма жамоалар даражасида ҳали бирорта ўйин ўтказилмаган эди. Туркия терма жамоасига қарши ўйин Ўзбекистон миллий терма жамоасининг (Қозоғистонни ҳисобга олмаса) УЕФА вакилларига қарши 26-ўйини бўлади, Туркиянинг ўзи эса Ўзбекистонга қарши майдонга тушган УЕФАнинг 13-вакили бўлади.

TFFТуркия миллий терма жамоаси айни вақтда жаҳон рейтингида Ўзбекистондан тўрт ўрин юқорида – 54-ўринда бормоқда. Бош мураббий Абдуллоҳ Авчи қўл остидаги терма жамоа айни вақтда ЖЧ-2014 саралаш «D» гуруҳида, олти учрашувдан сўнг 7 очко тўплагани ҳолда, олти терма жамоа орасида 4-ўринни эгаллаб турибди. Терма жамоа 2002 йилги жаҳон чемпионатида бронза медалларни қўлга киритган, 2008 йилги Европа чемпионати баҳсларида эса ярим финалгача етиб келган.

Манба: www.uff.uz ; www.stadion.uz.