Абдулла Ориповдан янги шеърлар

1506135

         ТИНЧЛИК

Самолёт гувиллар,

Йўловчилар то

Интиқ манзилига тезроқ етсин деб.

Сариосиёлик табаррук момо,

Кулча жўнатади менга, есин деб.

 

Учқур поездларга йўл очмоқ учун

Фарҳодлар қўпорар Бесутун тоғин.

Ширин қиз исирға тақмасин нечун,

Тешурлар унинг ҳам жажжи қулоғин.

 

Буюк ҳодисалар, оний лаҳзалар,

Йўлбарсу оҳулар ёнма-ён бунда.

Чарх урар миллатлар, тиллар, лаҳжалар,

Қитъалар қоришиқ улкан қуюнда.

 

Сира ажабланма ва бўлма диққат,

Кимдир ўйга толиб, ким яйраб кулса.

Буларнинг барчаси ўринли, фақат

Ватанинг тинч бўлса, юртинг тинч бўлса!

29.05. 2013 йил

 

УМР МАНЗИЛЛАРИ

Сени кутар энди ўзга манзиллар,

У олис ёшлигинг ўтди туш каби.

Бир-бир ғойиб бўлди қарчиғай йиллар,

Инига қайтмаган овчи қуш каби.

 

Набиранг қайсидир, шогирд қайсидир,

Бормисан уларнинг ғояларида.

Балки ором олиб ётмоқ пайтидир

Эккан ниҳолларинг сояларида.

 

Буюк шиддат билан ўзгарган даврон

Эслаб қўярмикан каломларингни.

Бир зумда «юлдуз»га айланган ўғлон

Ерда қолдирмасми саломларингни.

 

Гоҳо монанд бўлар оғу билан қанд,

Гоҳо аралашдир иззат ва қўрқув.

Оёқдан қолсанг гар, бетаъма фарзанд

Ич, деб узатарми бир пиёла сув.

 

Рўёбга чиқарми ўйлаганларинг,

Ҳориган руҳингга ким бўлур дармон.

Ҳозирча сенинг бу сўйлаганларинг

Кимгадир насибдир, кимгадир армон.

 

НАЖОТ

Асли жумбоқ билан тўлиқдир дунё,

Гоҳи пайт ўзимча ўйга толаман.

Сиру синоатин билмасман, аммо

Қай бир мазмунларин илғаб қоламан.

 

Ахир қадамжодир заминнинг ярми,

Мудом гавжум улар, қолмас беэга.

Бунинг боиси не? Англаб бўларми?

Борлиқ йўқлик сари талпинар, нега?

 

Қақшаган Қоратов бағрида ниҳон

Султон Вайс гумбази кўринар элас.

Одамлар ўрлайди фақат у томон,

Лекин, нега сенинг томингга эмас?

 

Турон саҳросининг якто гавҳари

Ҳазрат Яссавийга кўз тикар очун.

Халойиқ ошиқар фақат у сари,

Сенинг томорқангга келишмас, нечун?

 

Олис коинотнинг пучмоқларида

Ғолиблик ҳиссини туйгайдир Инсон.

Лекин савол чиқса учоқларида

Азиз авлиёсин эслар бегумон.

 

Чала тушига ҳам ишонмоққа шай,

Одам боласининг шулдир аҳволи.

Сувлоққа югурган ташна оҳудай,

Тўрвасини кўрган тулпор мисоли.

 

Беморни оғриқлар илондек чақар,

Уйқу йўқ тунлари кошонасида.

Черковига кириб шам қўйиб чиқар,

Юкунар масжиднинг остонасида.

 

Ҳа, нажот кутар у, мадад истайди,

Ахтарар эзгулик нишонасини.

Топса, ўша ёққа отин қистайди,

Ўша жойга урар пешонасини.

23.05. 2013 йил

 

УСТОЗ МИРТЕМИР САБОҚЛАРИ

Устоз Миртемирни эслайман ҳануз,

Раҳмдил, бағрикенг, аёвли, танти.

Юз бор қаламида қайраларди сўз,

Юз бор ўзгарарди шеърнинг ҳар банди.

 

Мулойим боқарди Устоз доимо,

Теграсида бизлар — узоқ-яқинлар.

Қаршидан, Нукусдан, Сирдарёдан ё

Хоразмдан келган ўсмир оқинлар.

 

Ишланг, — дерди Устоз,

— шеър бўлсин равон,

Меҳнатдан қочмасин ижодкор халқи.

Лекин камситмасди бизни ҳеч қачон,

Устоз шунинг учун Устоздир, балки.

23.03. 2013 йил

 

           НАФС

Очкўзни инсофга келтирмоқ учун

Кор қилар на танбеҳ, на бирор жазо.

Ақчага бойласанг чилвирнинг учин

Ўзини осгайдир шу зум, шу асно.

 

Ўйларсиз, ниҳоят ечилди жумбоқ,

Очкўзнинг хумори буткул босилган.

Ақчанинг жарангин эшитса бироқ

Қайтадан тирилгай ўша осилган.

10.06. 2013 йил

“Ўзбекистон овози” газетаси.