Москвада “палов саммити” бўлиб ўтди

Uzbek-Plov

Москвада “Палов саммити” ошпазлар чемпионати ўтказилди. Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Москвада элчихонаси, “Ўзбекистон санъати ва маданияти форуми” жамғармаси иштирокида “Формула Востока” халқаро фестивали ташаббуси билан ўтказилди. Бу ҳақда uzdaily.uz сайти хабар тарқатди.

Тадбирда Москвадаги ресторанларнинг шеф-ошпазлари қатнашди. Улар ўз рецептларида палов пишириб, 2013 йилнинг энг яхши палови номинациясида баҳслашишди. Профессионал ошпазлар ҳамда экспертлардан таркиб топган мустақил ҳакамлар ҳайъати, шунингдек, оммавий ахборот воситалари таомни баҳолаб боришди.

Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси раиси Акбар Уматовнинг айтишича, саммит ўзбек таомлари намойиш этилган энг катта тадбирлардан бири бўлди. Унинг сўзларига кўра, саммит Ўзбекистон, Ҳиндистон, Испания ва бошқа мамлакатлардан ошпазларни ўзига жалб қилган. Иштирокчилар орасида Тошкент, Самарқанд, Хоразм ва Фарғона шаҳарларидан келган ошпазлар бор эди.

Тадбир ташкилотчиларидан бири Лола Сайфининг айтишича, палов халқаро таомга айланган бўлиб, у дунё бўйлаб тайёрланади. Саммитда Ҳиндистон, Япония, Италия, Бразилия ва бошқа мамлакатлардан ошпазлар иштирок этган. Унинг қўшимча қилишича, ўзбек палови тадбирнинг асосий таоми бўлган. Унда Самарқанд, Хоразм, Фарғона, шунингдек, Тошкент паловлари димланган.

Ташкилотчиларга кўра, тадбирда 30 минг нафардан ортиқ киши қатнашиб, турли паловдан татиб кўришга муваффақ бўлишган.