Нуқтаи назар: Туркия намойишлари сиёсийми ё ижтимоий? Унинг “Араб баҳори”дан фарқи нимада?

detail_c5ffbc5db289f3c9ad391d8eb5615597

Бир ҳафтаки, Туркия социал таранглик қуршовида қолди. Гап шундаки, 28 май куни истамбулликлар Таксим майдони ёнида жойлашган Ғози истироҳат боғини эгаллаб олишди. Ғози хиёбони бир пайтлар Босфор бўғозига қадар майдонни қамраб олган улкан парк бўлган. У 1943 йилда ташкил этилган бўлиб, ўшандан бери шаҳарнинг меъморий ечими ва қиёфаси тубдан ўзгариб кетди. Яшил майдонни туруржойлар, қиммат меҳмонхоналар, ресторанлар сиқиб қўйди. Оқибатда, бугун Ғози истироҳат боғи Истамбулдаги энг кичик хиёбонлардан бирига айланди.

Яқинда Туркия ҳукумати Ғози хиёбони қолдиқларини сақлаб қолишни лозим деб топмасдан, уни Таксим майдонини таъмирлаш дастурига киритди. Унинг ўрнига бошқа бир иншоотларни, аниқроғи, савдо-бизнес маркази қуриш режалаштирилади.

Гарчи бу қурилиш ишлари ҳақида 2011 йилда эълон қилинган бўлса-да, бир гуруҳ фаолларнинг мурожаатларига, шаҳарликлар аризасига ҳеч ким қулоқ тутмади. Натижада Истамбул аҳолиси вакилларидан, шунингдек, меъморлар ҳамда экологлардан таркиб топган ишчи гуруҳлар шакллантирилди. Улар ҳар ҳафта йиғилишар, ҳукуматнинг мазкур қарорига таъсир қилиш чораларини излашар эди. Уларнинг бош мақсади имкон қадар “тепа”дагиларга ўз норозиликларини етказиш бўлган. Бу ҳақда барча оммавий ахборот воситалари бонг уришмоқда.

Бу лойиҳани сиёсийлаштиришга уринганлар ҳам бўлди. Яъни айрим фаол туркларининг фикрича, Таксим ижтимоий митинглар, намойишлар ўтказиладиган асосий майдон. Агар Ғози хиёбони бузиладиган бўлса,  намойишчиларнинг асосий йўл инфратузилмасига бўлган ҳаракатланиши чекланади. Натижада у ерга (Таксим) пиёда бориш тобора қийинлашади.

Ҳақиқатан, фаол фуқаролар фикрича, ушбу майдоннинг Туркия фуқароларининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги тимсоли сифатидаги аҳамияти беқиёс бўлиб, айнан шунинг учун ҳам ушбу майдонни сақлаб қолиш талаб қилинади. Эслатиб ўтамиз, 1977 йил 1 май — Меҳнат куни ушбу майдонга 550 минг киши чиқади. Қўшни бинодан бир гуруҳ қуролланган шахслар оломонга қарата ўқ отиши натижасида 30 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлди, яна ўнлаб кишилар жароҳат олади. Ушбу қилмишни содир этганларнинг ушланмагани ва жазо тортилмагани ҳам жуда кўплаб саволларни ўртага чиқарди. Ўшандан бери истамбулликлар меҳнат кунини Таксим майдонида нишонлаш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Аммо бу ҳуқуқ 2010 йилдагина қайтариб берилади.

28 май куни норозилик акциялари фақатгина экологик кўринишда бўлгани боис кўпчиликнинг эътиборига тушмайди. Аммо 31 май куни майдондаги дарахтларни кесиш бошлангач, акция ҳақида нафақат Туркия, балки бутун дунё воқиф бўлди. Иштирокчилар сони кескин ўсди, полиция уларни қаттиққўллик билан ҳайдади. Ана шундан сўнг халқаро ОАВ нигоҳи Таксимга қаратилди.

Полициянинг намойишчиларга нисбатан ҳаддан ташқари қаттиққўллик қилиши вазият янада чигаллаштирди. Қони қайноқ турклар эса Таксим сари ошиқа бошлади, полиция қаттиққўлликни бўшаштирмади, боз устига, кўздан ёш чиқарувчи газдан фойдаланилади. Метро ҳаракати тўхтатилади. Полиция ва намойишчилар ўртасидаги кескинлик кучайиб, полиция шу кунга қадар 1700 нафардан ортиқ шахсни ҳибсга олди. Энди намойиш ўта маиший масаладан, умуммиллий масалага айланди. Энди Таксим майдони учун эмас, балки амалдаги ҳукуматдан норозилар ҳам майдонга, намойишга ўзини ота бошлади.

Истамбул баҳори “Араб баҳори”дан фарқ қиладими?

Туркия Республикасининг 81 музофотидан 48 тасида 90 дан ортиқ намойишлар ўтказилди. Минглаб одамлар тан жароҳати олди. Мухолифатдаги партия 5 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди. Бу даражада кескин хатти-ҳаракатларни кутмаган ҳукумат вакиллари, аввалига, ўзларини оқлашга туша бошлади. Жумладан, Истамбул шаҳар мэри Қодир Топбош истамбулликларни Таксимни таъмирлаш ҳақида нотўғри ахборот билан алдашган, деб баёнот берди. Дарахтлар янги савдо маркази қуриш учун эмас, балки пиёдалар учун ҳаракат йўлини кенгайтириш учун кесилганини айтиб ўтди. Шунга яқин баёнот билан мамлакат бош вазири Таййип Эрдоған ҳам чиқиб, савдо маркази қуриш нияти йўқлигини маълум қилди, қаттиққўллик қилган полиция вакиллари фаолияти бўйича суриштирув ўтказилишини ваъда қилди.

Аммо у намойишчиларни уни қўрқита олмаслигини айтиб, “норозилар фикри уни қизиқтирмаслигини” қайд этди. Унинг фикрича, халқ унга сайловда овоз бериб, ғалаба қозонишига хоҳиш билдирган. 2 июнь куни Истамбулда намойишлар бир оз тин олса-да, Таксимда намойишчилар сони аста-секин камайди. Аммо бошқа ҳудудларда намойишлар тобора кескин тус олиб, радикал аҳамият касб эта бошлади.

Шу ўринда айрим оммавий ахборот воситаларида ушбу намойишларни “араб баҳори”га боғлашга уринишлар бўлаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Уларнинг фикрича, бу айнан ҳукуматнинг фаолиятига норозилик намойиши бўлиб, у турли кучлар томонидан амалга оширилган. Фикримизча, Туркиядаги ушбу намойишларни “араб баҳори” билан боғлаб бўлмайди.

Аввало, Туркия ўз конституциясига кўра, дунёвий жамият ва давлат ҳисобланади. Мамлакатда давлат бошқарувининг бирмунча эркин ва демократик механизмлари шакллантирилган.

Иккинчидан, Туркияда жамият яккаҳокимият қўлида тўпланган эмас (Араб давлатларида бунинг акси эди), балки суд, ҳукумат ва парламент ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлашда асосий роль ва таъсир кучига эга.

Учинчидан, Туркияда аҳолининг ижтимоий аҳволи араб давлатларига қараганда бирмунча барқарор бўлиб, мамлакатда ижтимоий биқиқлик шаклланган, дейишдан йироқмиз.

Тўртинчидан, жамиятда демократия қадриятлари ҳурмат қилинади, оммавий ахборот воситалари етарлича эркин ва ўз сўзига эга. Чунки бундай жамиятларда давлат ҳокимиятини турли намойишлар билан ағдариш ёки янги конституциявий тузумни шакллантириб бўлмайди. Бундан намойишлар ҳукуматни ўзгартиришга эмас, балки маълум қарорлар қабул қилинишига таъсир кўрсатади, холос. Бундай намойишларни Франция ёки яқинда Швецияда бўлган намойишлар ва полиция билан тўқнашувларга қиёслаш мумкин.

Албатта, намойишларни фақатгина ижтимоий муаммолар боис бўлди, дейиш ҳам ножоиз. Чунки намойишларга кейин қўшилган аҳолининг аксарияти: суннитлар, алавитлар, курдлар, коммунистлар ҳамда миллатчиларни ташкил қилади. Бу намойишларнинг сиёсийлашганидан ҳам далолатдир. Таййип Эрдоған ва унинг Адолат ва тараққиёт партияси сўнгги ўн йилки, Туркияни бошқариб келмоқда. Эрдоғаннинг ўта консерватор “қилиқ”лари, позицияси кўпчилик аҳолида норозиликка сабаб бўлаётган эди. Шу боис намойишлар унинг партияси учун ўзига хос “сигнал” бўлиб, халқ билан мулоқотга эътиборни янада кучайтириши, Эрдоған айни пайтда фақатгина ўз электорати ҳукумати бўлмасдан, балки бутун туркияликларга раҳнамо бўлишга интилиши керак. Энг хавфлиси, шубҳасиз, бу намойишлардан турли экстремистик гуруҳларнинг фойдаланиб қолишга уринишидир. Шу боис ҳукумат позицияда ён бериб бўлса-да, намойишларни тўхтатишда кескин чораларни кўриши талаб этилади. Бу истиқболда турли беқарорликларнинг олдини олади.

 Мурод ҒОФУРОВ.