“Ucell”га янги раҳбар тайинланди

    eOOYit13703454402482_b (1)

    TeliaSonera’нинг Непалдаги шўъба корхонаси – “Ncell”га раҳбарлик қилиб келган Осман Туран компаниянинг Ўзбекистондаги савдо бренди — Ucell бош директори этиб тайинланди. Бу ҳақда “Ucell”нинг Фейсбукдаги расмий саҳифасидаги ахборотга асосланиб, kun.uz хабар беради.

    Хабарда қайд этилишича, Осман Туран Непалга боришидан аввал 8 йил давомида Грузиянинг Geocell компаниясида фаолият юритган.

    Эслатиб ўтамиз, “Ucell” алоқа оператори бош директори Али Аган Қозоғистон “Kcell” компаниясига бош директор этиб тайинланган.

    Бунга эса яқинда TeliaSonera раҳбариятида юз берган кадрлар ўзгариши сабаб бўлди. Гап шундаки, “Kcell” компаниясига беш йил давомида бош директор бўлиб келган Вейсел Арал “TeliaSonera Евроосиё” президенти этиб тайинланган эди ва TeliaSonera менежментига кирган эди. Унинг фаолиятини 2013 йил 1 июнидан Kcell бош директори сифатида Али Аган давом эттиради.

    Ucell мобил операторининг абонентлар базаси 2013 йилнинг биринчи чорагида 1,502 миллионга камайди. Компания абонентлар сони 2013 йилнинг бошидаги кўрсаткичдан 15,85 фоизга камайган.

    Таққослаш учун, Ucell абонентлари базаси 2012 йилнинг 1 апрелидаги 7,857 миллиондан 2013 йилнинг 1 апрелига келиб 7,973 миллионга етган, яъни, ўсиш 1,48 фоизни ташкил этган. TeliaSonera’нинг қайд этишича, 2013 йилнинг биринчи чорагида компания 1,5 миллиондан ортиқ нофаол фойдаланувчиларни ҳисобдан чиқариб ташлаган. 2013 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, компаниянинг соф фойдаси 107,5 миллион долларни ташкил этган ва бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 51,73 фоизга кўп.