Тошкент шаҳар хўжалик суди “Beeline”нинг шикоятини қаноатлантирмади

Тошкент шаҳар хужалик суди «Unitel» МЧЖ (“Beeline” савдо белгиси остида фаолият юритади)нинг монополияга қарши органлар томонидан монопол ташкилотлар рўйхатига киритилгани ҳақидаги қарори бўйича шикоятини қаноатлантирмади. Ўз навбатида, суд “Coscom” МЧЖ ХК (“Ucell” савдо белгиси остида иш олиб боради)нинг худди шундай шикоятини қаноатлантирган. Бу ҳақда РИА “Новости” хабар тарқатди.

Суд вакилига кўра, суд тақдим этилган материалларни ўрганиб чиққан ҳамда «Unitel» Ўзбекистон алоқа бозорида етакчи ўринни эгаллашини белгилаган ва бундай таомил доирасига “Coscom” МЧЖ ХК тушмаслигини маълум қилган.

 Beeline вакили компания яқин кунлар ичида суд қарори бўйича апелляция беришини маълум қилган. Ўзбекистондаги мобиль операторлари – «Unitel» ХК МЧЖ (“Beeline”) ва «Coscom» ХК МЧЖ (Ucell) жорий йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳар Хўжалик судига даъво аризасини берган эди.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси иккита операторни юқори мавқега эга бўлган корхоналарнинг давлат реестрига киритганди. Қўмита маълумотларига кўра, уяли алоқа бозорида “Unitel”нинг улуши 54 фоиз, “Coscom”нинг улуши 41 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, Ўзбекистон хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистондаги иккита мобиль алоқа операторини келишган ҳолда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги учун умумий ҳисобда 30 миллион сўм жарима солганди.

  “Рақобат тўғрисида”ги Қонунга кўра, келишиб олинган ҳаракатлар — товар ёки молия бозорида икки ёки ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектнинг бозорнинг мазкур иштирокчиларидан ҳар бирининг манфаатларини қаноатлантирадиган ва улардан ҳар бирига олдиндан маълум бўлган, рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлари ҳисобланади.