Москвадаги чойхона: тадбиркорликми ёки тузоқ?

Александр Винокуров твиттеридан (Vinokurov12)
Александр Винокуров твиттеридан (Vinokurov12)

Бугун Москванинг қоқ марказидаги Триумфальная майдонида ўзбекларнинг кафеси очилди. “Дождь” каналининг хабар беришича, у “Чойхона №1” деб номланади. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳар ойнинг 31-санасида худди шу жойда Россия конституцияси ҳимоясига бағишланиб митинг ўтказилади.

Телеканал мухбири Егор Максимовнинг ёзишича, майдон сўнгги уч йил давомида турли таъмирлаш ишлари боис ёпиқ эди. Фақат баҳордагина у очилганди. “Чойхона”нинг суратлари бугун эрталаб ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Эрталаб ишга отланган москваликлар шаҳарнинг қоқ марказида улкан ўтов сифат ярим очиқ қурилмага кўзи тушди. Ваҳоланки, яқингача майдон очиқ эди. Ҳатто шанба куни ҳам у ерда ҳеч қандай чойхона аломатлари йўқ эди, дейди гувоҳлар.

Чайковский концерт зали, Сатира театри, Владимир Маяковский ҳайкали ёнида “чойхона”, албатта, русларнинг, айниқса, мухолифат вакилларининг нигоҳини ўзига жалб қилди. Москва шаҳар архитектура бошқармаси вакиллари ёзги чойхона ҳақида изоҳ беришдан бош тортишмоқда, аслида қонунчиликка кўра, айнан улар ёзги кафеларнинг чизмасини тасдиқлайди.

Москва шаҳар савдо ва хизмат кўрсатиш департаменти раҳбари вазифасини бажарувчи (сайлов арафасида шаҳар мэрияси истеъфога чиққани учун барча амалдорлар вазифани бажарувчи) Алексей Немерюкнинг айтишича, ёзги кафеларнинг жойлаштирилиши Москва учун муддатсиз бўлиб бормоқда. Яъни тадбиркорлар ўз жойлашуви ҳақида бир марта хабардор қилиб, фаолиятларини давом эттиришлари мумкин. Москва шаҳар мэрияси имкон қадар тадбиркорлар учун бюрократик тўсиқларни соддалаштирган. “Бюрократик тўсиқларнинг қисқартирилиши ҳисобига ўтган йили ёзги кафелар сонини 1,5 баравар кўпайтиришга эришдик”, дейди у.

“Дождь” каналининг ёзишича, “Чойхона” иккита масалада шаҳар мэрияси учун айни муддао бўлди. Биринчидан,  кафе баҳона Триумфальная майдони ёпилади, иккинчидан, аҳоли учун ёзги кафе очилди. Неча йилдирки, шаҳар маъмурияти у ерда одамлар ҳаракатланиши учун тўсиқлар яратишга интилади. Чунки мухолифат ҳар ойнинг 31-санасида шу ерда йиғилиб, рухсат олинмаган митинглар ўтказишар эди. Шу боис 2010 йилдан ушбу майдонда турли таъмирлаш ишлари олиб борилар эди. Мақсад: одамлар йиғилмасин.

“Стратегия-31” ғоявий отаси Эдуард Лимоновнинг айтишича, шаҳар мэрияси ёзги кафени айнан митингнинг олдини олиш мақсадида очган.

Албатта, ватандошларимиз жуда тадбиркор халқ. Қаердаки тадбиркорлик учун шароит бўлса, ўша ерда қўним топади, ишини, бизнесини йўлга қўяди. Аммо Москвадаги вазият бирмунча бошқача эканлигини кўрсатади. Чунки танланган жой ҳақиқатда анча баҳсли. Унча-мунча россиялик тадбиркорлар бундай жойни танламаган бўлар эди.

Аммо шаҳар маъмурияти ўзбекистонлик тадбиркорларни бу юмушга ихтиёрий-мажбурий жалб қилган бўлиши ҳам мумкин. Негаки, митингга чиққанлар жамоат жойида эмас, балки бизнес ҳудудига дахл қилгани учун тегишинча жавобгарликка тортилиши мумкин.

Лекин қўлида катта медиа-тарғибот кучига эга бўлган мухолифат вакиллари ўзбекистонлик тадбиркорларга, ўз навбатида, Россиядаги ҳамюртларимизга қарши турли иғво ва ахборот хуружларини амалга ошириши мумкин. Бундан кўпчилик зиён кўриши турган гап. Нима бўлганда ҳам ўзбекистонлик тадбиркорларнинг айнан Триумфальная майдони масаласида эҳтиёткор бўлиши мақсадга мувофиқдир.