Миср боши берк кўчага кириб қолди

AP920316932934_620x350Мисрда мухолифат вакиллари мамлакат президенти Муҳаммад Мурсийга истеъфога чиқиш учун икки кун муҳлат беришди. 30 июнь куни Миср бўйлаб намойишлар ўтказган “Тамарруд” ҳаракати Муҳаммад Мурсийга  шу йилнинг 2 июль соат маҳаллий вақт билан 17:00гача муддат қўйиб, шу давр ичида истеъфога чиқишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар тарқатди.

“Биз Муҳаммад Исо ал-Айётга (Миср президентининг тўлиқ исми) 2 июль соат 17:00дан кеч бўлмаган муддатгача ўз лавозимини тарк этиши ҳамда давлат идораларига муддатидан аввал президент сайловини бошлашга шароит яратишига муҳлат берамиз”, дейилади ҳаракатнинг сайтида эълон қилинган баёнотида. Акс ҳолатда мухолифат вакиллари Миср халқини яна фуқаролик буйсунмаслиги тадбирига чорлашини маълум қилган.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Муҳаммад Мурсий президент сифатида қасамёд қабул қилганига шу йилнинг 30 июнь куни бир йил бўлди. Аммо бу сана Мурсий учун байрам сифатида татимади, балки унинг ҳокимиятда қолиши савол остида қолмоқда.

Мамлакат раҳбарининг рақиблари унинг истеъфосини талаб қилиб, 22 миллион кишининг имзосини йиғишга муваффақ бўлди. Бу унинг 2012 йилги сайловларда йиққан овозидан ҳам кўпдир. Ўшанда Мурсийга 13,2 миллион нафар мисрлик овоз берган эди. Мухолифат вакиллари жаноб Мурсий “халқ овози”ни эшитмагунича намойишларни давом эттиришларини маълум қилишган.

Президент қўллаб-қувватлайдиган ҳокимиятдаги исломий партиялар ҳам фаоллашиб, ўз тарафдорларини кўчага чорлашмоқда. Икки тараф ўртасидаги танглик шу даражадаки, экспертлар фуқаролик уруши хавфини ҳам инкор этишмаяпти. Қуролли кучлар қўмондонлиги вазиятга аралашишга тайёр эканлигини маълум қилган.

Намойишларнинг асосий қисми 2011 йилги инқилобларнинг тимсолий майдони бўлган Таҳрир майдонида кечмоқда. Шу билан бирга, бир гуруҳ намойишчилар президентнинг “Ал-Иттиҳодия” қароргоҳи олдида қўним топишган. Президент республика штаб-квартирасига кўчирилган. Шаҳарга мудофаа техникалари ташланган.

Расмий манбаларга кўра, улар давлат идораларини муҳофаза қилади. Аммо мисрликлар фикрича, амалдаги мудофаа вазири Абдулфаттоҳ Ас-Сисси ўз саъй-ҳаракатлари жиддийлигини кўрсатмоқда. Гап шундаки, Миср мудофаа вазири мамлакат президенти ва мухолифат вакилларига қарийб ультиматум қўйди: агар ҳафта давомида улар келиша олмаса ҳамда қарама-қаршиликка барҳам бермаса, армия вазиятга аралашиш ҳамда  мамлакатни “қоронғу туннел”дан олиб чиқиш ҳуқуқини ўзида қолдиради.

Президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари йиғилган имзо ҳеч қандай юридик кучга эга эмаслигини айтишмоқда. “Мурсий президентлик муддатининг охиригача лавозимидан кетмайди”, дейишмоқда улар. Хусусан, “Ал-Жамоа Ал-Исломия” гуруҳи етакчиси Асом Абдул-Мажид мухолифат вакилларини “христиан экстремистлари бошқараётган хоч кўтарувчилар”, деб атаган. Унинг фикрича, улар Миср заминида исломни йўқ қилишни мақсад қилишган. “Шу боис биз уруш ҳолатидамиз”, деб таҳдид қилади Абдул-Мажид.

Муҳаммад Мурсий ўтган давр мобайнида мамлакатдаги бирламчи иқтисодий муаммоларга ечим топа олмагани боис обрўси борган сари сусайиб бормоқда. Baseera институти томонидан ўтказилган ижтимоий сўровга кўра, мамлакат президентининг фаолиятини 32 фоиз мисрликлар қўллаб-қувватлайди. Бир ой ичида бу кўрсаткич 10 фоизга пасайган. Ваҳоланки, ўтган йили октябрь ойида унинг рейтинги 78 фоизга етган эди. Миллий қутқариш фронти етакчиларидан бири Ҳолид Довуднинг фикрича, Мурсий ўта жиддий хатоларга йўл қўйди. Улардан бири, шубҳасиз, 2012 йил декабрида Конституция ислоҳотларини ўтказганидир. Мазкур ислоҳот жамиятда исломнинг кучайишига олиб келди. “Конституция матнини президент ҳаммаслаклари ёзишган, улар қолган фуқаролар фикрлари билан қизиқишмаган”, деб хулоса қилади Ҳолид Довуд