28 июль куни эрта тонгдан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мобиль компаниялари орқали огоҳлантириш СМСларини юборган. Унга кўра, куннинг иссиқ пайтлари спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш ва мева-чевалар ейиш, меъёридан ортиқ овқатланмаслик ва рационга юқори калорияли таомларни киритмаслик тавсия қилинган.
Шунингдек, ФВВ соя-салқинда бўлишни, енгил кийимларни кийишни ҳамда ҳимоя кўзойнакларини тақишни, бош кийими кийишни ҳамда деразаларни қалин қилиб ёпиш ва совуқ душ қабул қилишни сўраган.
Kun.uzнинг ёзишича, 25-31 июль ва 1-2 август кунлари Ўзбекистон бўйлаб об-ҳаво иссиқ бўлиши кутилмоқда. Бу даврда кундузги ҳарорат меъёрдан 4-7 даражага юқори ва +37…+42 даража атрофида, 29-31 июль кунлари эса баъзи жойларда +43…+45 даражагача иссиқ бўлади.
26-31 июлда ва 1-2 августда Зарафшон дарёси (Тожикистон ҳудудидан) ва Сўх, Исфайрамсой, Шоҳимардон дарёлари (Қирғизистон ҳудудидан) бўйича ҳароратнинг юқори бўлиши ҳисобига гляциал сел тошқинлари ўтиши мумкин.
27-30 июль кунлари Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради. Ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +20…+25 даража, 27-28 июль куни кундузи +37…+40 даража, 29-30 июль кунлари кундузи +39…+42 даража иссиқ бўлади.
Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +22…+27 даража, кундузи +40…+43, баъзи жойларда +45 даражагача бўлади.
Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +20…+25 даража, кундузи 27-28 июлда +37…+40 даража, 29-30 июлда +40…+42 даража, баъзи жойларда +43…+45 даражагача бўлади.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан секундига 5-10 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +20…+25 даража, кундузи +37…+42 даража иссиқ бўлади.
Ўзбекистоннинг тоғи ҳудудларида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +17…+22 даража, кундузи эса +30…+35 даража иссиқ бўлади.