Интернетга берилиш хасталиги

social-media-addictionКейинги йилларда интернетдаги ижтимоий тармоқлар нафақат мулоқот воситаси, балки жуда кўпчиликнинг ўзига хос “хобби”си, эрмагига айланмоқда. Мутахассислар уларнинг тобора оммалашиб бораётгани сабабини тадқиқотлар натижасида аниқлашди, деб ёзади Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси Акобир Абдуллаев.

Унинг “Оила даврасида” газетасида ёзишича, “The Royal Pingdom” глобал таҳлилий-тадқиқот компанияси ўтказган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, 2010 йил апрель ойи маълумоти бўйича дунёда ўртача фойдаланувчи бир ойда ижтимоий тармоқ учун 6 соат вақт сарфлаган. Ушбу кўрсаткич атиги бир йил олдин 3 соату 31 дақиқани ташкил қилган эди. Ўсиш даражаси йилига икки баравар эканлигини ҳисобга олсак, эндиликда ҳар бир фойдаланувчи бир ойда ижтимоий тармоқ учун ўртача 20 соатдан кўпроқ вақт сарфлашини тахмин қилиш мумкин.

Бунга сабаб сифатида кейинги йилларда интернет хизматининг кескин арзонлашгани, замонавий мобиль телефонлар оммалашуви, алоқа компанияларининг қулай интернет хизматларини таклиф қилиши, ўзига кучли жалб эта олиш хусусиятига эга бўлган ижтимоий тармоқлар сонининг кўпайиши кабилар кўрсатилмоқда. Балки бу ҳам ўзига хос ижобий натижадир, лекин ёшларнинг ижтимоий тармоқларга қаттиқ берилиши ва уларга бутунлай боғланиб қолишини ижобий натижа деб бўлмайди.

Ижтимоий тармоқларда мунтазам кўнгилхўшлик учун фойдаланиш ёшларда, умуман, фойдаланувчиларда интернет аддикцияси (“интернетга муккасидан кетиш, берилиш, қарамлик”)ни вужудга келтиради. Бу ўзига хос интернет касаллиги бўлиб, у қатор хориж мамлакатлари психологлари томонидан 1994 йилдан бери ўрганилмоқда.  Интернет аддикциясига психологлар шундай таъриф беришади: “Интернет аддикцияси бу — off-line (алоқадан узилганлик) ҳолатида интернетга киришга фойдаланувчида кучли хоҳишнинг бўлиши ва он-лайн ҳолатида (алоқада бўлиш) ҳолатида интернетдан чиқиб кета олмаслик, шу пайтда иродавий кучсизликнинг вужудга келишидир”.

Олимлар интернет аддикциясини гиёҳвандлик каби касаллик сифатида баҳолаб, ундан осонликча қутулиб бўлмаслигини, махсус муолажалар орқалигина ундан халос бўлиш мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Интернет аддикциясини қуйидаги учта мезон асосида аниқлаш мумкин. Булар:

1)  электрон почтани текшириб кўришга кучли истак;

2)  доимий равишда келгуси интернетга киришни кутиш ва шу истак билан яшаш;

3)  атрофдагиларнинг бир киши устидан унинг интернет учун жуда кўп вақт ва пул кетказаётгани ҳақида шикоят қилиши.

Бунда “бемор”нинг фикри хаёлида интернет ҳукмрон бўлади ва инсон беихтиёр ҳақиқий ҳаётдаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан қуйи даражага туширади. Онгнинг воқеликни таҳлил қилиш қобилияти сусаяди, компьютер қаршисида кўп ўтириш оқибатида инсон ҳиссий, ақлий ва жисмоний жиҳатдан толиқади, бунинг натижасида асабийлик, қўрс-қўполлик, иш салоҳияти ҳамда қобилиятининг пасайиши кузатилади.