Тахтоходжаев ва Иркаходжаевлар қачон фамилиясини тузатишади?

12_passport_1“Ўзбекистон Республикасининг салкам бундан чорак аср бурун аввал қабул қилинган “Ўзбек тили тўғрисида”ги Қонуни (“Давлат тили тўғрисида”ги Қонун — “Ватандош”)  орқали фамилия, исм ота исмдаги ғализликларни бартараф этишга кенг йўл очилган эди”, деб ёзади “Ҳуррият” газетаси мухбири Матёқуб Нарзиев. Аммо муаллифга кўра, исм-фамилияси ғализ ёзиш ҳолатлари кўп учрамоқда, энг ёмони ушбу исм-фамилия эгалари унинг исм-фамилиясини тўғрилаб ёзса, эътироз билдиришади.

“Бу воқеага ўн йилдан ошган бўлса-да, ҳамон тинчлик бермайди. Бу ҳақда матбуотда кўплаб фикрлар билдирилган. Аммо бутунлай ҳал бўлгани йўқ. Ўшанда касб тақозосига кўра бир инсонни телесуҳбатга чорлагандик. Ўзини Тахтаходжаев деб таништирган бу “суҳбатдош”га: “Фамилиянгизни “Тахтаходжаев” эмас, “Тўхтахўжаев” дея тўғрилаб ёзамиз. Чунки миллионлаб юртдошларимиз телевизор қаршисида тўғри сўзни эшитишлари керак. Тағин сизга “метирка” ёзган қолиб, бизни саводсизга чиқариб қўйишмасин”, дейишим биланоқ тутоқиб кетди: “Паспортимда нима деб ёзилган бўлса, ўшандай ёзасиз, гап тамом-вассалом”, деб ёдга олади журналист.

“Ўшандан бери қанчадан-қанча “Сагдиев, “Саберходжаев”, “Камалов”, “Сулейманов”, “Бакиев” деб ёзилган ҳужжатларни кўрдик. Афсуски, бу каби нотўғри расмийлаштирилган фамилиялар юртимизнинг барча минтақаларида учрайди”, деб ачинади журналист.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 69-моддасига кўра, ота-онанинг келишувига асосан болага исм қўйилади. Фуқаронинг исми, фамилияси ва отасининг исми ёзилаётганда хатога йўл қўйилган бўлса (масалан, Сатарджанов, Гапаров, Якубджан сингари), фуқаролар ўзлари яшаётган жойдаги ФҲДЁ органига мурожаат этишлари лозим.

Адлия вазирлиги ўрнатган тартибга кўра, агар далолатнома ёзувида исм қисқартирилиб, эркалаш шаклида ёзилган, имло хатога йўл қўйилган бўлса ёки фуқаро далолатнома ёзувидаги исмини тузатишни истаса, фуқаронинг ёшидан қатъи назар, ФҲДЁ бўлимида унинг аризасига асосан ўша куннинг ўзидаёқ далолатнома ёзувига тегишли тузатиш киритиш амалга оширилади. Масалан, туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувидаги исм “Моҳчеҳра” бўлса, “Моҳичеҳра”, “Батир” деб ёзилган бўлса, “Ботир” деб тузатилади.

Журналист исмида хато кетган фуқаролар ФҲДЁнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёзадиган ходимларининг лоқайдлиги боис нотўғри ёзилган фамилия, исм ёки ота исмнинг грамматик жиҳатдан тўғриланишига ҳафсала қилишлари лозим, холос, деб таъкидлайди.

“Ўзини, фарзандлари ва неваралари шаънини, шу орқали миллатининг обрўсини ўйлаган одамлар учун бу иш ҳам савобли, ҳам масъулиятли”, деб хулоса қилади у.