Нуқтаи назар: Фаластин-Исроил инқирози Жон Керри “зиёфат”лари билан ҳал этиладиган масала эмас

20130727_wwd000Уч йиллик турғунликдан сўнг АҚШда Фаластин ва Исроил ўртасидаги тинчлик музокаралари бошланди. Ушбу музокаралар боши берк кўчага кириб қолмаслиги учун томонлар ўткир муаммоларни, чунончи, Шарқий Қуддуснинг мақоми ҳамда яҳудий турар-жойлари масаласини кўтаришдан тийилиб туришибди. АҚШ Давлат департаменти вакиллари фикрича, Исроил ва Фаластин раҳбарлари учрашувларини тайёрлаш учун камида 9 ой керак бўлади.

“КоммерсантЪ”нинг ёзишича, музокараларнинг биринчи босқичи тарафларнинг биргаликда кечки овқатидан бошланди. Муқаддас Рамазон ойи таомиллари асосида тузатилган дастурхоннинг бир тарафидан Исроил адлия вазири Ципи Ливни ҳамда бош вазирнинг махсус вакили Ицхак Мольхо, бир тарафидан Фаластин делегацияси раҳбари Саиб Эрекат ва Муҳаммад Штайя жой олди.

338834-israeli-palestinian-peace-talks

Музокараларни тайёрлаш жараёнига АҚШ анча жиддий ва эҳтиёткорлик билан ёндашди. Чунки уч йил бурун расмий Вашингтон Исроил ва Фаластин раҳбарларини музокара столига жалб қилган эди. Аммо тинчлик музокаралари натижасиз якунланган эди. АҚШга келган Исроил бош вазири Биньямин Натаняҳу яҳудийлар учун турар-жой қуриш лойиҳасидан воз кечмаслигини қайд этиб, мажлисни кўпчилик кўз ўнгида тарк этган эди.

Бу галги тинчлик музокарасида қатнашадиганлар икки давлат раҳбарлари учрашуви учун шартларни келишиб олишади. Шу билан бирга, улар ўткир муаммоларни муҳокама қилишмайди. “Вазифам — ҳамма учун мақбул компромисга эришишдир. Биламан, муҳокама оғир кечади, аммо мулоқотдан бўйин товлаш яна ҳам катта хато бўлган бўлур эди”, дейди АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби мазкур музокараларда АҚШ вакили сифатида Вашингтондаги Brookings Institution вице-президенти Мартин Индикни тайинлади. У икки марта Исроилда АҚШ элчиси бўлиб ишлаган.

Экспертларнинг фикрича, тарафларнинг музокара столига ўтириши Жон Керрининг яқинда Яқин Шарққа уюштирган ташрифида чоғида қўйган ўзига хос ультиматуми билан бевосита боғлиқдир. Ўшанда Исроил бош вазири ўз чегараси ёнида “террористик давлат” пайдо бўлишига йўл қўймаслигини айтиб ўтган эди. Ўз навбатида, Маҳмуд Аббос 1967 йилги чегара талабидан воз кечмаслигини қайд этган эди. Аммо Жон Керри уларга вазиятни батафсил тушунтирган. Гап шундаки, агар Фаластин халқаро судга мурожаат қилса ҳамда БМТдан мустақил давлат сифатида тан олишни талаб қилса, Исроил Фаластин ҳудудидаги иқтисодий ёрдамини чеклаши мумкин. Бу, ўз навбатида, Европа Иттифоқи томонидан Исроил иқтисодиётига инвестиция киритишнинг тўхталишига олиб келиши мумкин.

Қолаверса, АҚШ Фаластин хусусий компанияларига 4 миллиард доллар миқдорида инвестиция йўналтиришни ваъда қилмоқда. Исроилликларга эса Ғарбий соҳилда чегарани мустаҳкамлаш учун техник ёрдам кўрсатади. Исроил хавфсизлигига таҳдидни баҳолаш билан генерал Жон Аллен шуғулланади.

Гарчи томонлар ушбу музокарага умид билан қараётган бўлса-да, экспертлар бу музокараларнинг ижобий натижа беришига ишонч билан қарашмаяпти. Уларнинг фикрича, Исроил ва Фаластиндаги вазият, қолаверса, халқаро яҳудийлар лоббиси бу муаммони ҳал қилишга ҳалақит беради.

Биринчидан, шуни алоҳида қайд этиш керакки, ўтган йили Исроил бош вазири Биньямин Натаньяҳу муддатидан сайлов ўтказилишини эълон қилган эди. У яҳудийларда Фаластин ва бошқа масалаларда унинг партиясига бўлган ишонч юқори, деб ўйлаб шундай қарорга келган эди. Сайловолди кампаниясини “Кучли Исроил учун кучли бош вазир керак” шиори остида олиб борган “Биби” (уни шундай аташади), аксарият ғарб таҳлилчилар фикрича, Фаластин масаласида кескин позицияга эга яҳудийларнинг овози олган эди. Айниқса, Ғарбий соҳилга кўчиб ўтаётган яҳудийлар ҳар қандай ён беришни мағлубиятга тенг ҳаракат сифатида қабул қилади. Бу унинг партияси ва ҳукумати позициясини кучсизлантиради.

Иккинчидан, Фаластинда автономия бошлиғи аслида Маҳмуд Аббос бўлса-да, ҳукуматни радикал кайфиятдаги “Ҳамас” партияси шакллантирган. Улар аксарият фаластинликларнинг фикру позициясини ўзида ифода этади, мамлакат раҳбарияти ўзаро компромис талаблари асосида айрим ён беришларга борса, у нафақат Маҳмуд Аббоснинг обрўсига салбий таъсир ўтказади, балки “Ҳамас” томонидан ушбу келишув натижаси инкор қилиниши мумкин. “Ҳамас” 1967 йилги чегаралар доирасида Фаластин давлатини ташкил этиш тарафдори ҳисобланади.

Учинчидан, дунё миқёсида, хусусан, АҚШда яҳудийларга мойил бўлган сиёсий куч ва лоббилар халқаро миқёсда Фаластиннинг мустақил давлат сифатида шаклланишига тўсиқлар қўйиши мумкин. Бу айрим давлатларнинг бетарафлиги, бизнес кўмагининг қисқартирилиши ҳамда ОАВда Исроилни қўллашга доир кампания кучайишида намоён бўлади.

Тўртинчидан, Барак Обама Қоҳира университетида қилган чиқишида Исроил 1967 йилги чегараларга қайтиши кераклигини уқтирган эди. Бу Америка президентлари томонидан илгари сурилган биринчи позиция бўлиб, фаластинликлар бундан фойдаланиб қолиши керак. АҚШда навбатдаги президент сайловларида республикачилар ғалаба қозонадиган бўлса, яна саккиз йил давомида Фаластин мустақил давлат сифатида шаклланмаслиги мумкин. Чунки республикачилар Исроилга ўз мойиллигини яширишмайди.

Хулоса қилиб айтганда, Фаластин мустақил давлатини 1967 йилги черагалар доирасида ташкил этиш Жон Керри зиёфатлари билан ҳал этиладиган масала эмас.

Мурод ҒОФУРОВ.

 

Сиз нима деб ўйлайсиз?