Ислом Каримов америкалик генерални қабул қилди

    UzA
    UzA

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 25 июль куни Оқсаройда АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони Ллойд Остинни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

    Учрашувда икки томонлама муносабатларга, жумладан, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги ҳамкорликка оид масалалар муҳокама қилинди.

    Ислом Каримов Ўзбекистон – АҚШ мулоқоти конструктивлик ва мунтазамлик касб этиб бораётганини, бу томонларни қизиқтирган барча соҳаларда ҳамкорликни изчил ривожлантириш имконини бераётганини алоҳида қайд этди.

    Суҳбат чоғида минтақавий муаммолар кўриб чиқилар экан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан барқарорлаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

    Генерал Л.Остин самимий қабул ҳамда икки томон учун долзарб бўлган масалаларни атрофлича муҳокама қилиш имконияти яратилгани учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик изҳор этиб, АҚШ раҳбарияти мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.