Тошкент вилоятидан Византия даврига оид ноёб олтин буюмлари топилди

0520Тошкент вилоятидаги Май қўрғончасида қарийб 1 600 йиллик ноёб олтин буюмлар топилди. Бу ҳақда “Народное слово” газетаси хабар тарқатди.

Хабарда қайд этилишича, ободончиликка қаратилган ер қазиш ишлари чоғида топилган мазкур 14 та қадимий осориатиқанинг барчаси санъатшунослик текширувидан ўтказилган. Булар — император ва қадимий маъбуд қиёфаси тасвирланган танга, камар тўғаси, тасма банди ва учи, либосга тикиладиган қистиргичлар ва тўғалар, шунингдек, қўлланиш ўрни номаълум буюмнинг тўғнағичли илгак кўринишидаги қисмларидир. Уларнинг аксарияти яхши сақланган.

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги бадиий экспертиза бошқармаси мутахассисларининг таъкидлашларича, ўз таркибига кўра, ана шу топилмалар византиялик таниқли лашкарбоши қабридан олинган, деб тахмин қилишга асос бўла олади. Аслаҳа ва либос безакларининг қисмларидан иборат олтин буюмлар V — VI асрларга тааллуқли.

— Ўзбекистон ҳудуди орқали минтақадаги давлатларни Византия билан боғлаб турувчи кўплаб карвон ва савдо йўллари ўтган, — дейди санъатшунос, тарих фанлари номзоди А. Мусакаев. — Шу билан бир қаторда, жуда қадимийлиги туфайли бу тарихий давр билан боғлиқ буюмлар тадқиқотчилар учун ўта камёб саналади. Май қўрғончасида топилган осориатиқалар, шубҳасиз, антик ва эрта ўрта асрлар давридаги Ўзбекистоннинг Византия билан савдо ва маданий алоқалари тарихига оид янги маълумотлар беради, маҳсулот-пул муомалалари, қадимий Ўрта Осиё ҳудудида турли диний эътиқодларнинг тарқалиши тарихи борасидаги баъзи масалаларга ойдинлик киритишга ёрдамлашади.

Газетанинг ёзишича, узоқ ўтмишимиздан ёдгорлик бўлган ушбу буюмлар ҳали бир неча бор экспертлар томонидан тадқиқ этилади, улар топилган жойда эса археологик қазишмалар давом эттирилади. Бироқ ҳозирнинг ўзидаёқ олимлар бундай топилмаларга муқаддам нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ўрта Осиё ҳудудида ҳам дуч келинмаганини айтишмоқда. Тахминий ҳисоб-китобларга қараганда, топилган олтин буюмларнинг баҳоси 2 миллиард 160 миллион сўмни ташкил этади.