Сиз Америкага келдингиз ёхуд кўп сўраладиган саволларга жавоблар

olim2Чикагодаги Ўзбек-Америка жамиятимизнинг www.uzbekchicago.org веб-сайтида Ватандошларимиз АҚШга келиш, бу ерда ҳаётни қандай бошлаш, иш топиш ва шунга ўхшаш саволлар билан тез-тез мурожаат қиладилар. Албатта янги жойга келиб ҳаётни қайта бошлаш учун ахборот муҳим рол ўйнайди. Қолаверса, янги келган Ватандошларимиз биз олдинроқ келганлар йўл қўйган хатоларни такрорламасликлари учун ўз ҳаётий тажрибаларимдан келиб чиқиб, билган маслаҳатларни беришни лозим топдим, ва буни “Кўп сўраладиган саволлар” тариқасида туздим. Агар ушбу тавсияларим озгина бўлса-да, Ватандошларим учун фойдаси тегса, ўзимни бахтиёр ҳис қилган бўлар эдим.

Олим Шарипов,

Чикагодаги Ўзбек-Америка Жамияти Раиси.

Савол: Мен яқинда Green Card ютдим, АҚШга бормоқчиман, нима қилсам бўлади?

Жавоб: Аввало фурсатни бой бермай ўша жойдаёқ инглиз тилини ўрганинг. Бу сизга ҳам арзон тушади ва ҳам тезда иш топиб кетишингизга ёрдам беради. Агар оилавий келсангиз бирорта таниш топишга ҳаракат қилинг. Бу сизга арзонроқ уй-жой топишга ёрдам керак бўлади.

Савол: Қандай қилиб инглиз тилини тезроқ ва яхшироқ ўрганса бўлади?

Жавоб: Манбаълар жуда кўп:

1. Интернет орқали

2. ESL (English as Second Language) курслар. (Баъзи жойларда бепул).

3. Мустақил, кутубхонадан қўлланмалар олиб. Масалан, мен “ HELLO, AMERICA ” номли 10 томлик (видео ва аудио касеталари билан) курсдан фойдаланганман.

Яна қуйидаги тавсияларни берган бўлар эдим: Кўпроқ ТВ, филмлар кўринг. Тезроқ одамлар билан аралашишга, гаплашишга (муҳитга киришишга) ҳаракат қилинг, тил ўрганишда ҳеч ҳам тортинманг, уялманг.

Агар вақтингиз бўлса кўнгилли (Volunteer) ишларни қидиринг (буни топиш осонроқ). Кўнгилли ишни кутубхоналардан ёки Интернетдан топса бўлади.

Савол: Яшаш учун арзонроқ жойни қандай топса бўлади?

Жавоб: Агар бир ўзингиз бўлсангиз хонадош (Roommate) қидиринг. Интернет, газета эълонлари, танишлар орқали. Ундан ҳам арзонроғини топса бўлади. Баъзилар уйнинг ер тўласи (басемент)га ижарага қўйишади. Ёки бирор қарияга қарайдиган иш бўлса, ётоқхона текинга тушади.

Агар оилали бўлсангиз унда ҳам бир хонали квартираларни топса бўлади. Чикаго атрофлари арзонроқ ($600-$800). АҚШда бир хонали квартира икки хонадан иборат, яъни битта beedroom (ётоқхона) ва битта living room (зал).

Савол: У ерда мен қанақа ишни тезроқ ва осонроқ топа оламан?

Жавоб: Бу яна ўзингизга боғлиқ. Нима иш қила оласиз? Қандай касб-ҳунарингиз бор? Тил билишингиз қанчалик? Касбингиз бўлмаса келажакда қанақа касбни эгалламоқчи бўлсангиз, қайси соҳада қобилият-талантингиз борлигига қараб энг кичик ишни бошланг. Жуда бўлмаса, ҳозирча тўғри келган ишни бошлайверинг.

Масалан, Чикагода янги келганлар дастлаб такси, оғир юк машиналари ҳайдашади. Ёқилғи қўйиш шохобчаларида ва бошқа кичик дўконларда сотувчилик қилишади. Аёллар касалларга қарашади (Caregiver) ёки болага (Babysitter) қараш билан банд бўлишади. Шунингдек, шифохоналарда, мактабларда ёки дўконларда тозалаш ишларида (Janitor, Housekeeping) жойлашишган.

Кейинроқ эса ўзлари қизиққан соҳаларга ўқишиб, яхши ишларни олишаяпти. Айтишим мумкинки, бир қанчалари ҳозирданоқ компьютер соҳасида яхши ишларни олишди.

Савол: Қандай қилиб иш топса бўлади?

Жавоб: Танишлардан суриштиринг, кўчадаги эълонларга қаранг, Интернет ва газеталардан изланг. Иш топиб берувчи агентликлар ҳам бор. Русча гапирадиганлари ҳам топилади. Энг яхшиси, бирор таниш киши сизни тавсия қилса тезроқ ишга олишади. Шунингдек қуйидаги wебсителарни тавсия қиламан: www.craiglistjobs.com, www.careerbuilding.com, www.chicagojobs.com

Савол: Ҳайдовчилик гувоҳномасини қандай олсам бўлади?

Жавоб: АҚШда ҳайдовчилик гувоҳномаси муҳим ҳужжат ҳисобланиб, қарийб ҳамма жойда сўралади (биздаги паспорт каби). Биринчи ёзма тест топширасиз. Саволлар ва жавобларни www.chicagoru.comдан топасиз. (Русча)

Кейин машина ҳайдаш бўйича амалий имтиҳон топширасиз.

(Биздагидан анча осон).

Савол: Машина ҳайдашни ўргатадиган мактаблар борми?

Жавоб: Бор, лекин анчагина қиммат (соати $40), яхшиси бирор танишингиз ёки дўстингиздан ёрдам олсангиз арзон тушади.

(Камина 10 га яқин кишини машина ҳайдашга ўргатганман)

Савол: Озиқ-овқатга кўп пул кетадими?

Жавоб: Бу кўпинча ўзингизга боғлиқ, агар уйда ўзингиз овқат қилсангиз унчалик кўп пул кетмайди: тахминан $50-$80 бир киши учун. Фақат арзонроқ дўконларни билишингиз керак.

Савол: Болаларимиз она тилларини йўқотмасликлари учун нима қилишимиз керак?

Жавоб: Ҳа, бу жуда ўринли ва муҳим савол. Мен шундай ўзбек болаларини кўрдимки улар она тилларини билишмайди ёки тушунишади, лекин гапира олмайди. Ва яна шунақа оилани биламанки, уларнинг оиласи келганига 40 йил бўлган бўлса ҳам, уларнинг болалари ўз тилини унутмаган. Демак бу ота-оналарга боғлиқ. Бизнинг Чикагодаги Ўзбек-Чикаго жамиятининг асосий мақсадлари ҳам шу: болаларимизни ўз она тилларини, урф-одатларини, маданиятини сақлаб қолишлари учун ёрдам бериш. Бунинг учун биз бир қанча тадбирлар ишлаб чиққанмиз. Чунончи, миллий байрамларни бирга нишонлаш, сайллар ташкил қилиш, болалар ўртасида турли хил ўзбекча мусобақалар ўтказиш ва шу кабилар. Яқин келажакда болалар учун ҳар ҳафтада ўзбек тилида дарслар ташкил қилишни мўлжаллаяпмиз(Sunday School).

Хуллас, агар Чиrагода келадиган бўлсангиз, марҳамат, хуш келибсизлар. Бизнинг Ўзбек жамиятимиз қўлидан келганча ёрдам беришга тайёр. Манзилимиз: www.uzbekchicago.org ёки Facebookда ҳам uzbekchicago деб қидиринг.