Саида Тўлаганова: «АҚШдаги ўқиш ва яшашнинг нисбатан қимматлиги кўпгина қобилиятли ватандошларимизга асосий тўсиқ бўлиши мумкин»

Ўзбек қизининг америкача орзуси

DSC03867hh

“Маънавий ҳаётда ҳам амалий ҳаётдагидек, кимки билимга таянсагина тўхтовсиз камол топади ва ютуқларга эришаверади.” У. ЖEЙМС

 

 Албатта, билимнинг маҳсули фақатгина камолот ва ютуқдир, унинг чеки йўқдек гўё, киши илм йўлида қанча изланмасин, қанча ўзлаштирмасин, унинг янгидан янги чўққилари вужудга келаверади. Кимдир учун у ҳаво ва сувдек зарур бўлса, кимдир эса унинг ҳатто мазмун ва моҳиятини англаганича йўқ. Ана шундай илм йўлида ташна замондошларимизнинг сони кундан кунга кўпайиб бормоқда, ва айниқса юртдошларимиз орасида нафақат ватанимизда, балки бутун дунё бўйлаб илм чўққиларини забт этаётган ёшларимиз талайгина.

Уларнинг орасида ватандошимиз Саида Тўлаганова ўз тенгдошлари орасида ўз ютуқ ва муваффақиятлари билан ўрнак бўла олган, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Саида Тулаганова асли Тошкентлик бўлиб, у 2002 йил АҚШ Давлат департаменти ҳомийлигида ташкил топган ACCELS грант дастури бўйича мактаб ўқувчилар танловида қатнашиб, республика бойича ғолиб деб топилган ҳамда АҚШда таҳсил олиш учун грант йўлланмасини қўлга киритган. Умумий ўрта таълимни АҚШда давом эттирган ҳамда унинг санъат йўлида ҳам қизиқиши улкан бўлганлиги сабабли 2002 йил мактаб даврида расм чизиш танловида ғолиб бўлган. Қолаверса у математика бўйича ўтказилган мактаблараро олимпиадада фахрли 2-ўринни эгаллаган. Ўрта таълимдан сўнг Саида Cottey Collegeда фахрли ўқувчилар учун ажратилган грант ҳисобида таҳсил олиб, ушбу коллежда у Phi Beta Lambdaда ташкилоти томонидан ўтказилган “Американинг бўлажак бизнес етакчилари” (Future Business Leaders of America) танловида фахрли ўрин эгаллаган. Маълум бир муддат давомида у инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ҳам ушбу коллежда кўнгилли бўлиб ишлаган. 2010 йилда АҚШнинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири бўлмиш Drexsel университетини фахрли талабалар сафида муваффақиятли тугатган. Дрекселда Саида молия ва халқаро тадбиркорлик (finance and international business) соҳасида таҳсил олган. Университетда Саида энг аълочи талабалар сафида бўлиб, у бизнес соҳасида бир қатор фахрий ёрлиқлар, сертификат, ва раҳматномалар билан тақдирланган. Бундан ташқари у олийгоҳ ташкилий ишларида ҳамда турли хил тўгаракларида етакчилик қилиб келган. Дрексел университетида талабалар орасида амалиётни нуфузли муассасаларда ўташ ўта рақобатли бўлиб, бутун университетда JP Morgan Chase банки томонидан молиявий таҳлил йўналишида иккитагина талаба танланиб, улардан бири Саида бўлган. JP Morgan Chase банкида амалиётини аъло даражасида ўтагани туфайли Саидага банк томонидан ўз соҳасида лавозим таклиф этилган. JP Morgan Chase банкида у “ Women’s Interactive Network” уюшмаси аъзоси ҳамдир. Ҳозирда Саида, ота-онаси ва синглиси билан биргаликда Нью-Йорк шаҳрида яшайди ва мазкур банкда молиявий таҳлилчи (financial analyst) бўлиб иш юритмоқда. Эришган ютуқлари ҳамда тинимсиз изланишини тақдирлаш мақсадида 2008 йил Саидага АҚШдаги Ўзбек ташаббуси ёшлар маркази томонидан “Йил талабаси” унвони берилган.

Гувоҳи бўлганимиздек, Саиданинг ҳар бир ютуғи намунали, ҳар бир қарори ўрнакка арзигуликдир. Хўш, у буларнинг барига қандай эришган, ўз мақсади йўлида қандай тўсиқларга дуч келган, мусофирчиликдаги илк йиллари қандай кечган? Булар ҳақида батафсилроқ билиш мақсадида унинг ўзига юзландик. Саида ҳар қандай мақсад йўлида албатта қийинчиликлар учрашини тан олади. Унинг айтишича у АҚШда фақатгина икки йиллик таълим гранти билан келган ва кейинги йилларда олийгоҳ таълим харажатларини давлатдан қарз олиб тўлаган. Кейинчалик лавозимга эга бўлиб ишлари юришиб кетгач, ўз қарзларини тамоман тўлаб улгурган. Саиданинг фикрича “АҚШдаги ўқиш ва яшашнинг нисбатан қимматлиги кўпгина қобилиятли ватандошларимизга асосий тўсиқ бўлиши мумкин”, “лекин, токи илм йўлида эканмиз, бу юксалиш йўлидамиз дегани, бу йўлда ҳар қандай тўсиққа оддий бир синов сифатида қараш керак, чунки меҳнат ҳеч қачон натижасиз бўлмайди” дейди у фахр билан.

Саиданинг Америкадаги илк йиллари, унинг ушбу халқ ҳақидаги фикри ёхуд қисқа қилиб айтганда унинг “Америкача орзуси” билан қизиқдик. Саида бу ҳақида шундай дейди:

“Ҳар бир инсоннинг, қайси миллат, қайси ирқ ва қайси ижтимоий қатламга мансублигидан қатъий назар, ўз ақл ҳушини таниб бошлаганидан ўзига хос орзулари уйғонади. Ўз тасаввуридаги “комиллик”ка эришиш учун ҳаракат қилади. Айнан ушбу масалада, Америкада имкониятлар жуда катта. Айниқса, билим олиш асосий мақсади бўлган ёшлар учун ҳар томонлама йўллар очиқдир. Ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиш учун, табиийки, биринчи навбатда “мукаммал тил калити” га эга бўлиш зарурдир. АҚШ дунёдаги барча миллатлар тўпламидан ташкил топган, десак муболаға бўлмайди. Табиийки, бу ердаги аҳоли орасида маданият, урф-одат ва дунёқарашлар ранго-ранг. Албатта, улар орасида оқ ва қора чизиқлар туташган. Бир томондан, ўзга юртда, ўз яқинларидан олисда яшаш қийин, ҳаттоки у “Америка” бўлса ҳам. Лекин, барибир, ўз олдида қатъий мақсад қилиб олган инсон учун буларни енга олиш қийин эмас деб ўйлайман. Чунки қийинчиликлар ҳамма ерда ҳам учрайди. Менинг “Америкача Орзуим”га келсак, мен доим Америкадаги имкониятларнинг баридан унумли фойдаланиб, кўпроқ билим олиш, танлаган соҳамда етук мутахассис бўлиб етишиш, ҳамда Ватанимга, ватандошларимга имкон қадар кўпроқ наф келтиришни ўз орзуим, ва албатта, мақсадим деб билганман.

Дарҳақиқат, бахтнинг калити билимдир. Билим чўққиларини эгаллаш учун эса мақсад керак, мақсадга эришиш учун интилиш, меҳнат ва сабр зарурдир. Саида каби, ана шуларнинг барини ўзимизда мужассам эта олсаккина ҳаётда нимагадир эришаётганимизни, юрт шаъни, ривожи учун ўз ҳиссамизни қўшаётганимизни ҳис этамиз. Барчамизда ана шу муқаддас “ҳис” насиб этсин!