Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида яна отишма бўлди

93223993

Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси чегара хизмати вакиллари ўртасида сешанба куни отишма юз берди, бир нафар ўзбекистонлик чегарачи ҳалок бўлган, яна бир нафари оғир тан жароҳати олган. Бу ҳақда РИА “Новости” хабар тарқатди.

Қирғизистон тарафига кўра, отишма Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги чекка қишлоқлардан бирида юз берган. Уларнинг фикрича, икки нафар ўзбекистонлик қирғиз чегарасига ноқонуний кесиб кирган ва улар қирғизистонлик чегарачиларнинг талабига қарамасдан даҳанаки тортишувга киришиб кетган. Натижада отишма юз берган.

Ўзбекистон давлат чегараларини муҳофаза қилиш давлат қўмитасига таяниб, “Новый век” газетасининг ёзишича, воқеа Ўзбекистон ҳудудида — Наманган вилоятининг чегара қишлоғида юз берган. Манбага кўра, қирғизистонлик чегаралар кучли алкоголь таъсири остида бўлиб, Ўзбекистон чегарасига ноқонуний кесиб кирган ва ўзбекистонлик ҳамкасбига қарата ўқ очган. “Республикамиз ҳудудида бўла туриб, улар Ўзбекистон чегарачиларининг навбатчилик гуруҳига провакацион ўт очади”, дейди қўмита вакили.

Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг умумий чегараси 1,3 минг километрни ташкил қилади. Икки мамлакат ўртасида 50 та баҳсли участкалар мавжуд. Умумий чегаранинг 354 километри делимитация қилинмаган.