“АҚШ хавфсизлик химати президентлар шахсий почтасини ҳам кузатиш имкониятига эга бўлишган”

x-keyscore-prism-fantastico-600x337Бугунги кунда Россияда вақтинчалик қўним топган Эдвард Сноуден томонидан тақдим этилган махфий маълумотлар орасидан АҚШ Миллий хавфсизлик хизмати тақдимоти дунё оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

АҚШ Миллий хавфсизлик хизмати тақдимотида XKeyscore деб номланган 700 та сервер қайд этилган харита ўз аксини топган. Мазкур сервер Америка хавфсизлик хизмати вакилларига интернет фойдаланувчилар фаолиятини назорат қилиш ва кузатиш имконини берган. “КоммерсантЪ”нинг ёзишича, Xkeyscore айғоқчилик серверлари 150 дан ортиқ мамлакат пойтахтида ўрнатилган бўлиб, улар орасида Пекин, Москва ҳам бор.

Эдвард Сноуденнинг The Guardian мухбирларига айтишича, бу дастур Марказий разведка бошқармаси ходимларига Америкада туриб “хоҳлаган одамнинг ёзишма”ларини кузатиш имконини берган. Агар айрим мамлакатлар президентлари шахсий электрон почта ишлатган бўлса, уларнинг ёзишмаларидан ҳам воқиф бўлиш оддий иш бўлган.

“Ведомости” газетасининг ёзишича, Россияда Xkeyscore АҚШнинг Москвадаги элчихонасида жойлашган бўлиши мумкин. Рус хавфсизлик хизмати вакилларига кўра, элчихона бундай ишларни амалга ошириш учун етарли даражада замонавий компьютер техникасига эга.

Эътиборли жиҳати, харитада ушбу серверлар асосан АҚШ элчихонаси бор мамлакатларда жойлашган. Масалан, Эронда бу рўйхатга кирмаган. Шундан англашиладики, қайси мамлакатда АҚШ элчихонаси бўлса, у ерда замонавий кузатув технологиялари ўрнатилган. Бу ахборотни АҚШ миллий хавфсизлик хизмати ҳам,  бирор элчихона ҳам изоҳламаган.