Самарқандда туғуруқхона ходимига 19 йил меҳнат таътили берилмаган

d85f6bb6f34d0efa45d83bb0ecd92f1a_400_400

Самарқанд вилояти касаба уюшмалари бирлашмасига ўтган йили 382 та ёзма, 730 та оғзаки мурожаатлар бўлган. Бу ҳақда “Ишонч” газетаси ёзади.

Уларнинг аксарияти фуқароларнинг фойдасига ҳал этилиб, бузилган ҳуқуқлари тикланган. Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, қуйи тизимларда ички меҳнат тартиб қоидаларини, жамоа шартномаларини расмийлаштиришда хатоликлар мавжуд.

Газетанинг ёзишича, Самарқанд 3-сон туғуруқхонасининг собиқ ходимаси М. Муҳаммадиевага 19 йил мобайнида меҳнат таътили берилмаган. Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходими Х. Нарзиқулова 3 йил, вилоят ўсимликларни ҳимоя қилиш маркази ходими Р. Рофиева 2 йил давомида маъмурият айби билан меҳнат таътили олмайди.

Газета “Ана шундай вазиятда бошланғич касаба уюшма ташкилоти етакчисининг томошабин бўлиб туриши инсофданми?” дея мақолага нуқта қўяди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 133-моддасига кўра, барча ходимларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга, дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Федерацияга аъзо ташкилотлар давлат органлари ва иш берувчилар билан жамоа музокараларини олиб бориш натижасида меҳнат шартлари, иш билан таъминлаш, ижтимоий кафолатлар белгилаш борасидаги мажбуриятларни ўз ичига олувчи жамоа келишувлари қабул қилиниши таъминлайди.

2011 йилнинг 28 февралида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар  Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши,   Ўзбекистон  Савдо-саноат  палатаси  ўртасида  ижтимоий-иқтисодий  масалаларга оид  2011-2013 йиллар  учун Бош келишув имзоланиб, 2 март куни меҳнат қонунчилиги талабларига биноан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигида 105-рақам билан билдириш рўйхатидан ўтказилган.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий (шу жумладан 8 та минтақавий) келишувлар амал қилмоқда. Тармоқларда  республика  бўйича  85 та  тармоқ келишувлари (шу жумладан 11 та тариф келишувлари, 1 та ягона жамоа шартномаси), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва улар тасарруфидаги туманлар ҳамда шаҳарлар миқёсида  – 509 та ҳудудий-тармоқ келишувлари мавжуд.

SHARE