Ислом Каримов америкалик конгрессменларни қабул қилди

    Сарвар Ўрмонов (ЎзА)
    Сарвар Ўрмонов (ЎзА)

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 31 август куни Оқсаройда Ўзбекистонга ташриф буюрган Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари Эни Фалеомаваега ва Жеймс Патрик Моранни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

    Давлат раҳбари меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, уларнинг Мустақиллик байрами нишонланаётган кунларда келгани мамлакатимиз тўғрисида, ўзбек халқининг бой маданияти, маънавий ва тарихий мероси ҳамда анъаналари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш имконини беришини таъкидлади.

    “Парламентаризмни ривожлантириш: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси” мавзусидаги халқаро конференцияда АҚШдан нуфузли делегация иштирок этгани ўзаро ҳамкорлик кенгайиб бораётганидан яна бир далолат бўлди.

    Қайд этилганидек, ривожланиб бораётган парламентлараро алоқалар Ўзбекистон-АҚШ мулоқотининг муҳим йўналишларидан биридир.

    Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликка доир кенг кўламли масалалар, айрим минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди.

    Учрашувда илғор АҚШ технологияларини жалб қилган ҳолда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни изчил ривожлантиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани таъкидланди.

    Конгрессменлар Ўзбекистон Президентини мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллиги билан самимий муборакбод этдилар, Самарқандда “Шарқ тароналари” IX халқаро мусиқа фестивали муваффақиятли ўтказилгани билан қутладилар.

    Эни Фалеомаваега ва Жеймс Моран самимий қабул ва икки томон учун муҳим масалаларни муҳокама қилиш имконияти яратилгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, АҚШда Ўзбекистон билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қизиқиш ортиб бораётганини таъкидладилар.