Сув ҳамкорлиги бўйича Душанбе конференцияси: Ўзбекистон делегацияси қатнашадими?

 suk1-300x257Маълумки, шу йилнинг 20-22 август кунлари Тожикистон пойтахти Душанбеда сув ҳамкорлиги бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади. БМТ Янгиликлар радиоси тарқатган хабарда келтирилишича, мазкур халқаро тадбирда 100 дан ортиқ мамлакатдан 1000 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашишини маълум қилган. Мазкур конференцияда давлат раҳбарлари, ҳукумат раҳбарлари, вазирлар даражасидаги расмий делегациялар қатнашиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Тожикистоннинг БМТдаги доимий вакили Сирожиддин Асловга кўра, Душанбе сув ҳамкорлиги бўйича конференцияси БМТнинг 2013 йил — Сув ҳамкорлиги бўйича халқаро ҳамкорлик йилини ўтказиш резолюцияси доирасида ташкил этилмоқда. Аслов, шу билан бирга, Ўзбекистон конференцияга таклиф қилинганини ва аввалги конференциялардаги каби юқори мартабали меҳмонлар келишига умид билдирган. Аммо ижтимоий тармоқларда, шу билан турли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон делегациясининг иштирок этмаслиги ҳақида фикрлар юрибди.

Шарҳловчимиз Мурод Ғофуровнинг фикрича, Ўзбекистон делегацияси мазкур конференцияда қатнашиши эҳтимоли жуда юқори. Унга кўра, аввало, конференциянинг халқаро аҳамияти катта бўлиб, Ўзбекистоннинг унга ўз делегациясини юбормаслиги ҳеч қандай натижа келтирмайди. Қолаверса, мазкур тадбирда қатнашмаслик Ўзбекистон илгари суриб келаётган эътирозлар жиддийлигига ҳам путур етказади. Халқаро ҳамжамият ва Тожикистон томони сув ҳамкорлиги бўйича Ўзбекистоннинг мулоқотдан бўйин товлаганликда айблаши мумкин. Натижада мамлакатнинг бу масаладаги сиёсати конструктив эканлигига турли саволлар туғилиши мумкин;

Иккинчидан, Ўзбекистон анчадан бери Марказий Осиёда сув ресурсларидан фойдаланишда халқаро ҳуқуқ нормаларига амалга қилишни талаб қилиб келади. Бу талабни, айниқса, Тожикистон раҳбарияти кўз ўнгида етказиш имконияти юзага келади. Ўзбекистон имкон қадар конференциянинг ялпи сессияларига, қолаверса, гуруҳ музокараларига ҳам ўзининг “кучли мутахассислари”ни юборишга интилади. Зеро, Ўзбекистоннинг Душанбе конференциясида самарали ахборот кампаниясини олиб бориши мамлакат манфаатларига хизмат қилади.

Учинчидан, конференциянинг якуний ҳужжатлари мажбурий кучга эга бўлмаса-да, халқаро ҳамжамият ва жамоатчилик учун таъсирга эга бўлиши мумкин. Шу боис Ўзбекистон делегацияси Душанбе декларациясининг ҳар бир банди бўйича ўз позициясини илгари суриши турган гап. Яъни декларацияда кўзда тутилган ҳар қандай шубҳали тавсия бўйича Ўзбекистон ўз эътирозини билдириши ҳамда бу борада ўз тавсияларининг декларациядан ўрин олишини талаб қилиши мумкин. Бизнингча, Ўзбекистон делегациясининг мазкур конференцияда қатнашиши ташкилотчиларни ҳар доим сергак ва ортиқча сўз ва ҳаракатлардан тийилишга ундаши турган гап. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг мазкур анжуманга кимни юбориши билан боғлиқ масала ҳамдир.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон  сув масаласида, айниқса, трансчегаравий дарёлар сувларидан фойдаланган ҳолда гигант ГЭСлар қуришга кескин қаршилик қилиб келади. Бу мамлакат раҳбарияти учун принципиал аҳамиятга эга масалалардан ҳисобланади. Бу нафақат техноген хавф нуқтаи назаридан, балки қишлоқ хўжалиги истиқболи нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир.

Албатта, Душанбе конференцияси икки давлат вакиллари учун анчадан бери йиғилиб қолган трансчегаравий сув муаммосини ҳал этишда муҳим тадбир бўлиши эҳтимолини инкор қилиб бўлмайди. Бу икки халқ учун, икки давлат учун сув ва ҳаводек зарурдир. Икки томонлама ушбу масаладаги ўзаро қарама-қаршиликларни бартараф этишнинг энг мақбул йўли, шубҳасиз, юзма-юз ўтириб, ўзаро эшитиш ва музокарадан чарчамасликдир.