Евроҳудуд иқтисодиёти илк ўсиш суръатларини намойиш этди

 euros_0.preview2011 йилнинг охиридан бери илк марта Евростат евроҳудуд мамлакатлари иқтисодиётида ўсиш кузатилганини маълум қилди. «КоммерсантЪ»нинг ёзишича, мазкур маълумотлар молия бозори кутувларини тасдиқлади. Улар евроҳудуд узоқ давом этган молиявий турғунликдан чиққанлигини англатади.

Евроҳудуд иқтисодиёти 2013 йилнинг иккинчи чорагида 0,3 фоизга ўсишни қайд этган. Минтақанинг саноат ишлаб чиқариш ўсиш кўрсаткичлари эса 0,7 фоизга юқорилаган. Бундан аввалроқ, Bloomberg евроҳудудга аъзо давлатлар ялпи ички маҳсулоти кўрсаткичлари таҳлили асосида ҳудудда 0,2 фоиз ўсишини прогноз қилган эди. Евростатнинг тезкор маълумотлари эса ундан озгина баланд чиқди: 0,3 фоиз. Бу дунё оммавий ахборот воситаларига 2011 йил охиридан бери давом этаётган турғунликдан чиққанлиги ҳақида бонг уришига туртки берди.

Иқтисодчиларга кўра, агар кетма-кет икки чоракда асосий иқтисодий кўрсаткичлар изчил ёмонлашадиган бўлса, у ҳолда бу инқироздан далолат беради. Агар кетма-кет икки чоракда асосий иқтисодий кўрсаткичлар ижобий натижа кўрсатса, бу инқироз тугаганидан дарак. Шу боис таҳлилчилар, евроҳудудда инқироз аломатлари тўлиқ чекинди, дейишга шошилмасликка чақиришмоқда. Қолаверса, бу маълумотлар ҳозирча Европа статистика идорасининг тезкор маълумотлари ҳисобланади. У қайта кўриб чиқилса, муайян рақамларга тузатиш киритилиши мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, Евроҳудудда кузатилган ижобий тенденция бевосита Ғарбий Европа мамлакатларида қурилиш саноатининг жадаллашгани билан боғлиқдир. Учинчи чоракда ҳам шу жараён давом этиши кутилмоқда.

SHARE