Тарих: Фидель Кастронинг Ўзбекистон сафари

Фидель Кастро Тошкетда нутқ сўзлаган. Расм реставрация қилинган.
Фидель Кастро Тошкетда нутқ сўзлаган. Расм реставрация қилинган. РИА Новости

Бундан эллик йил муқаддам Куба миллий озодлик ҳаракати етакчиси Фидель Кастро СССРга 40 кунлик ташриф билан келади. У мамлакатнинг энг олий раҳбарларидан тортиб, энг оддий меҳнаткашлар билан ҳам учрашади. У Ўзбекистонга ҳам ташриф буюриб, ўзбекларнинг меҳмондорчилигидан баҳраманд бўлади.

Фидель Кастронинг совет республикалари ичидан айнан Ўзбекистонга келиши ва бу ерда узоқроқ қолиб кетишига турли сабабларни келтиришади.

Гап шундаки, Совет Иттифоқи раҳбарияти 1962 йилда Кубада совет ядровий қуролларини жойлаштириш билан боғлиқ музокараларни олиб бориш учун махсус делегацияга Шароф Рашидовни ҳам қўшишган.

Шароф Рашидов ушбу делегацияда Иттифоқдаги бошқа республикалардан жўнатилган ягона вакил бўлган. Шароф Рашидов ва Фидель Кастро ўртасида дўстлик ришталари чуқур илдиз отган. Шу боис ҳам Фидель Кастро айнан Ўзбекистонда кўпроқ вақтини ўтказган.

Кейинчалик Фидель Кастро СССРга сафари ҳақида ўз сафар очеркларида ёзиб қолдирган. Яқинда ўша очеркларнинг айримлари эълон қилинди. Уларда, хусусан, унинг Ўзбекистон ҳақидаги фикрлари акс этган.

“Булар (Ўзбекистонликлар) учун, аниқроқ айтганда, Чор мустамлакалари учун социалистик инқилоб нимани англатар эди? Ишчилар ва деҳқонлар учун синфий зодагонлардан қутилиш, миллатпарварлар учун мустамлакадан озод бўлишни англатар эди. У яна нимани англатар эди? Жадал тараққиёт!”, деб ёзади Фидель Кастро.

Унинг ёзишича, агар Ўзбекистон, Грузия, Қозоғистон ва бошқа бир-бири билан чегарадош жойлашган давлатларнинг турмуш даражасини ўзининг “статус-кво”сини сақлаб қолган  Туркия, Эрон ва бошқа капиталистик мамлакатлардаги ҳаёт даражаси билан қиёсланса, Ўзбекистон бундан 45 йил муқаддам камбағал, мустаҳкамлака мамлакат сифатида гавдаланади.

“Ҳозир Ўзбекистон ўнлаб илмий-тадқиқот институтлари, университетларига, жадал саноат ривожланишига, гуркираб ривожланаётган қишлоқ хўжалигига ҳамда юқори ҳаёт даражасига эга. Ҳамманинг иши бор, уйи бор. Ҳамма яхши кийинган, барча болалар мактабларда ўқийди, тиббий таъминотга эга”, деб ҳайратланади Куба раҳбари.

Унинг наздида, юздан ортиқ миллатларни бирлаштирган давлат мустаҳкам, кучли ва интизомли мамлакатдир. У буни жуда муҳим тарихий ҳодиса деб ҳисоблашини қайд этади.

"Қизил Ўзбекистон" колхозида трактор ҳайдамоқда.
“Қизил Ўзбекистон” колхозида трактор ҳайдамоқда.
Фидель Кастронинг Тошкент сафари. Шароф Рашидов билан Тошкент кўчаларида. Mytashkent.uz блогидан
Фидель Кастронинг Тошкент сафари. Шароф Рашидов билан Тошкент кўчаларида. Mytashkent.uz блогидан