“Ижтимоий марказ”: “Давлат тилини билмасликка оид муаммо йилдан-йилга камайиб бормоқда”

ijtimoiyfikr_17012013

Ўзбекистон “Ижтимоий марказ” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Кўп миллатли Ўзбекистон” мавзуида сўров ўтказилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” газетаси хабар тарқатди.

Бу галги ижтимоий сўров мамлакатнинг барча ҳудудлари ва аҳолининг ижтимоий қатламлари қамраб олинган ҳолда, турли миллат вакиллари ўртасида ташкил этилди. Натижаларга кўра, ўзбекистонликлар мустақиллик йилларида тинчлик, миллатлараро ва фуқаролар ўртасидаги аҳиллик тушунчаларини қадрлаб, уларга ўзларини дахлдор, деб биладилар. Улар тинчлик ва осойишталикни 22 йиллик истиқлол даврида эришилган катта ютуқ, дея ҳисоблашлари бунинг тасдиғидир.

Ўзбекистонликларнинг мутлақ катта қисми (98,6 фоиз) бу фикрга тўлиқ қўшиладилар. Сўров давомида аён бўлишича, бундан йигирма икки йил олдин ёш, мустақил Ўзбекистон давлати томонидан танланган стратегия ўзининг нақадар тўғри эканлигини исботламоқда. Бу нуқтаи назарни аҳолининг катта қисми тўла қўллаб-қувватлайди. Мамлакатда олиб борилаётган миллий сиёсат давлат қурилишининг устувор йўналишларидан бири сифатида пухта мазмун-моҳият ва ёрқин истиқболга эга бўлиб, унда Ватанимизда яшаётган халқларнинг ўзига хос жиҳатлари тўлиқ инобатга олинган.

Мониторинг якунлари асосида миллати, дини, ижтимоий мақомидан қатъи назар, одамлар Ўзбекистон фуқароси эканидан фахрланади. Миллий ва фуқаровий ўзига хос жиҳатлар ҳамда хилма-хиллик ёрқин намоён бўлган мустаҳкам фуқаролик бирлиги Ўзбекистоннинг бугунги жамиятида ўз ифодасини топган.

Кўп йиллар давомида мунтазам ўтказиб келинаётган сўровлар шуни кўрсатадики, бундай фазилатлар, айниқса, ёшлар ва фаол меҳнат ёшидаги фуқаролар ўртасида чуқур қарор топган бўлиб, бу Ўзбекистоннинг истиқболда янада тараққий топишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, сўров натижаларига кўра, халқимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб берилган фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни юксак баҳолайди.

Давлат тилини билиш аҳоли ўртасида ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашда катта роль ўйнайди. Таҳлил натижаларига кўра, давлат тилини билмасликка оид муаммо йилдан-йилга камайиб, Ўзбекистон фуқаролари яшаш жойи, миллатидан қатъи назар, давлат тилини у ёки бу даражада билади. Сўров давомида уларнинг катта қисми ўзбек тилини етарли даражада билишини кўрсатди. Айтиш мумкинки, мамлакат мустақиллигининг 22 йили давомида фуқаролар ўртасида давлат тилини билиш айни зарурат эканлиги тўғрисидаги қараш шаклланган.

Кўп йиллик сўровларнинг кўрсатишича, мамлакат аҳолиси ўртасида миллатлараро муносабатларга оид вазиятга ижобий баҳо янада мустаҳкамланиб бораяпти.

Жорий йилда аҳолининг қарийб 92 фоизи Ўзбекистонда “ўзини аъло даражада ҳис этаётгани”, “жуда яхши” эканлигини кўрсатган. Бу эса истиқлол йилларида ўтказилган ижтимоий сўровлар давомидаги энг яхши натижалардан биридир. Аҳоли буни мамлакатимизда оилалар ижтимоий аҳволи яхшиланиб бораётгани, уларнинг фаровонлиги ўсаётгани, бу ерда яшаётган барча миллатлар ҳуқуқ ҳамда эркинликлари таъминланаётгани билан боғлайди. Улар ўз жавобларида миллатлараро ҳамжиҳатлик ўсиб бораётганини бот-бот таъкидлаганлар.

Тадқиқотда аён бўлишича, истиқлол даврида жамиятимизда барқарорлик ва аҳиллик ҳолати ўзининг ижобий жиҳатлари билан яққол ажралиб турибди. Масалан, мамлакат аҳолисининг катта қисми ўзларининг миллий келиб чиқиши билан боғлиқ тарзда қандайдир қийинчилик ёки ноқулай вазиятга умуман тушмаган. Ижтимоий сўров ҳамюртларимиз барқарорлик келажакда ҳам сақланиб қолишига комил ишонч билан қарашини кўрсатди. Бу борадаги саволга респондентларнинг 93,1 фоизи ижобий жавоб бергани бунинг исботидир.

Сўровга кўра, аҳоли Ўзбекистондаги ички сиёсий вазиятга юқори барқарор баҳо берган. Фуқароларнинг қайд этишича, “республикада ижтимоий барқарорлик мустаҳкамланиши кузатилиб, жамиятда тинчлик, миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик сақланмоқда”, “халқнинг кайфияти кўтаринки ва бардам, келажакка бўлган ишонч юқори”, диний экстремизм билан боғлиқ таҳдидлар сақланиб қолаётган бўлса-да, улар бўйича хавотирли кайфият камайиб бораяпти.