Ўзбекистонда ун импорти учун акциз солиғи 15 фоизидан 11 фоизга камайтирилган

s01082407Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳукуматнинг тегишли қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга кўрсатма берган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар тарқатди. Агентликка кўра, Ўзбекистонда ун экспортига уннинг божхона қиймати бўйича 11 фоиз миқдорида акциз солиғи жорий қилинган. Бундан олдинроқ божхоначилар 15 фоиз миқдорида акциз солиғи ундираётган эди.

Ҳужжатга кўра, қарор республикага буғдой унини олиб киришни тартибга солиш ҳамда маҳаллий нон ва кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ассортиментини кенгайтиришга шарт-шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир ҳафта бурун Қозоғистон ҳукумати ўз маҳсулотларига камситувчи акцизлар жорий қилинган мамлакатларга нисбатан «қарши чоралар» кўришини маълум қилган эди.Қозоғистон ғалла етиштирувчилар уюшмаси раҳбари Евгений Ганга кўра, бундай чоралар биринчи навбатда Ўзбекистон ва Туркманистонга нисбатан жорий қилиниши мумкин эди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон асоссиз равишда акцизни оширган. Авваллари бу миқдор 10 фоизни ташкил қилган бўлса, у бирданига 15 фоизга оширилган.

Евгений Ганнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Ўзбекистонга 2012 йилда 1 миллион 216 минг тонна ғалла етказиб берган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 709 минг тоннани ташкил қилган. Унинг фикрича, экспорт ҳажми 45 фоизга қисқарган. Унинг қайд этишича, Қозоғистон буғдой экспортининг 75 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришган. Чунончи, 1991 йилда Ўзбекистонда 940 минг тонна ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик 17 центнерни ташкил қилган бўлса, бу йилги хирмон 7 миллион 610 минг тоннадан ошди, ўртача 55 центнердан ҳосил олинди.