Эрон ўз нефть захиралари 1,8 триллион долларга тенг эканлигини маълум қилди

1447804_20120215174000

Эрон 1,8 триллион долларлик нефть захираларига эга. Бу ҳақда Эрон нефть вазири ўринбосари Аҳмад Ғолибаний маълум қилган. Унинг сўзларига қараганда, “сўнгги бир неча йил давомида” 18,6 миллиард баррель нефть захирасига эга конлар аниқланган. Бу ҳақда “КоммерсантЪ” сайти ёзади.

“Бу нархлар (1,8 триллион доллар) шу кунлардаги нефть ва газ нархлари асосида шакллантирилган бўлиб, Эроннинг сўнгги ярим асрдаги нефть сотувидан келиб тушган даромадлари билан уйғундир”, деди у.

Халқаро энергетика агентлигига кўра, Эронда нефть қазиб олиш июль ойида июнь ойига нисбатан бироз камайган бўлса-да, Осиё мамлакатларида талаб ортганлиги боис экспорт ҳажми ортган.

Эрон нефть маҳсулотлари экспорти ва соҳага инвестиция киритишга АҚШ ва Европа Иттифоқи санкция қўллаган. Эрон дунё нефть захираларининг 9,9 фоизига эгалик қилиши айтилади.

Шуни қайд этиш керакки, Яқин Шарқда, хусусан, Мисрда сиёсий инқирознинг давом этиши нефть нархининг янада ошишига хизмат қилади. Сўнгги маълумотларга кўра, Лондон биржасида Brentнинг бир баррели 111 долларга, Нью-Йорк биржасида эса 108,5 долларга етган.   Экспертлар йил охирига қадар бу кўрсаткич 120 долларгача чиқишини тахмин қилишмоқда.