Ўзбекистон саноат корхоналари энергия тежамкорлигидаги муаммолар боис йилига 2 миллиард доллар зарар кўрмоқда

energosberejenieЎзбекистон саноат корхоналарининг энергия тежаш самарадорлиги пастлигидан мамлакат иқтисодиёти кўраётган зарар ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизига тенг. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Жаҳон банки томонидан ташкил этилган давра суҳбатида маълум қилган.

Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, мамлакат иқтисодиёти ишлаб чиқариш корхоналарининг энергия тежамкорлигининг паст кўрсаткичлари боис жиддий зиён кўрмоқда. Чунончи, мамлакат иқтисодиёти йилига энергия тежамкорлиги борасидаги муаммолар боис ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизи миқдорида зарар кўрмоқда. Бу йилига 2 миллиард долларга тенг, дегани. Вазир ўринбосарининг айтишича, шу сабабли саноатда илғор технологияларни қўллашга катта эҳтиёж мавжуд.

Жаҳон банки эксперти Пек Салминенга кўра, Ўзбекистон ҳукумати мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга киришган. Хусусан, Жаҳон банки иштирокида халқаро лойиҳа амалга оширилмоқда. Ўтган ойи Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки ўртасидаги ушбу йўналишда 100 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома имзоланган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси расмий маълумотларига кўра, “саноат тармоқлари рақобатбардошлигини ошириш ва уларни янада диверсификация қилишга доир дастурий чора-тадбирларнинг ижроси саноат маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмини 8,2 фоизга ошириш имконини берди”.