Андижонлик Ҳабибулло Сулаймонов киви етиштиришни ўзлаштирди

kiwi2Андижон вилоятида етиштириладиган сархил ноз-неъматлар қаторига субтропик мева — киви ҳам қўшилди. “Халқ сўзи” мухбири Одилжон Шодмоналиевнинг айтишича, мевалар куз охирлаши билан узилиб, Андижон бозорларига чиқарилади.

— Отам Назиржон Сулаймонов 1999 йили Чилустун тоғ тизмалари ён-бағрига киви кўчатларини ўтқазганди, — дейди Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ қишлоғида истиқомат қилувчи Ҳабибулло Сулаймонов. — Қаранг-ки, субтропик иқлим шароитида томир отиб, ҳосил берадиган бу дарахт еримизда ҳам яйраб ривожланди. Унинг мевага кириши осон кечмади. Ўн йил деганда, шохларида ёнғоқсимон мевалар пайдо бўлди. Дастлаб 35-40 килограмм атрофида ҳосил олинди. 2011 йили эллик, ўтган йили эса олтмиш килограмм мева берди.

Ҳабибулло Сулаймоновнинг айтишича, киви қон босимини тушириш, юрак-қон томир касалликларини даволашда ўзига хос малҳамдир. Шу боис унга қизиқиш тобора ортмоқда.

Ҳабибуллонинг киви дарахтлари айни кунларда ғуж-ғуж ҳосилга кирган.

“Даракчи”нинг ёзишича, кивининг келиб чиқиши шарқ мамлакатларига бориб тақалади. Уни илк бор Қадимги Хитойда етиштира бошлашган. Мазкур мева Янги Зеландияга биринчи марта 1906 йилда келтирилган бўлиб, айнан шу пайтдан бошлаб у ўша ерда етиштирила бошланди.

Аввалига уни “Хитой крижовниги” деб аташди, аммо кейинроқ, мазкур мевага талаб ошганидан сўнг, уни мамлакатнинг миллий рамзи – кичкина киви қуши шарафига аташга қарор қилинди. Айни пайтда киви Янги Зеландияда, Калифорнияда, Франциянинг ғарбида, Италия ва Исроилда етиштирилмоқда. Юқори қон босими, юрак хасталикларида бебаҳо мева таркибида кўплаб дармондорилар мавжуд бўлиб, овқат ҳазм қилишга ва озишга ёрдам беради.