Абдул Азиз бин Харун: “Ўзбекистонда ўтказган беш йилим бир умрга татийди”

Abdul Aziz Xarun

31 август Малайзияда ҳам Ўзбекистон каби Мустақиллик куни сифатида байрам қилинади. “Vatandosh” мухбири ушбу сана муносабати билан Малайзиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдул Азиз бин Харун билан суҳбатлашди.

 – Элчи жаноблари, аввало, 31 август – Малайзия Мустақиллиги куни билан самимий қутлаймиз. Суҳбатимиз аввалида мазкур сана мамлакат ҳаётида қандай ўрин тутиши ҳақида сўзлаб берсангиз. Дунё харитасида Малайзия деб номланган суверен давлат пайдо бўлгач, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй берган энг муҳим ўзгаришлар сифатида нималарни эътироф этасиз?

–Буюк Британия мустамлакаси бўлган Малайзия 1957 йил 31 августда давлат мустақиллигига эришди. Биз собиқ колониал ҳукумат қўйган талабларни бажариш шарти билан суверенитетни қон тўкишларсиз қўлга киритдик. Ушбу талабларнинг энг асосийси, мустамлака ҳукумат томонидан Малайзияга турли юмушларни бажариш учун олиб келинган хитой ва ҳинд миллатига мансуб бир неча миллион муҳожир ишчига тўла фуқаролик бериш эди. Ўз навбатида, мамлакатимиз Асосий Қонунида маҳаллий халқларнинг маданияти, она тили ва бошқа қадриятларини ҳимоя қилиш белгилаб қўйилди. Шу билан бирга, мамлакат ҳукмдори маҳаллий халқ вакили бўлиши алоҳида қайд этилди.

Аввал Малая Федерацияси деб аталган мамлакат 1963 йил 16 сентябрда Малайзия номини олди. Шу йили Сингапур ва Шимолий Борнеодаги Сабах ва Саравак штатлари ўз хоҳиши билан Малайзия таркибига кирди. Малайзия ҳуқуқий ва территориал жиҳатдан федератив давлат сифатида белгиланган. Бу барча штат ёки вилоятлар ўз иқтисодиётини ва бойликларини мустақил тасарруф этади, дегани. 1965 йили Сингапур яна ўз хоҳишига кўра Малайзия таркибидан чиқиб кетди. Ҳозирда Малайзия 14 штат, 1 федерал ҳудуддан иборат.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганида, баъзи халқаро мутахассислар Малайзиянинг яхлит давлат сифатида сақланиб қолишига шубҳа ва ишончсизлик билан қараган. Уларнинг даъвосига кўра, кўп миллатли ва кўп эътиқодли Малайзия тез орада ички низоларга дучор бўлиши керак эди. Лекин Яратганга беадад шукур, уларнинг даъволари асоссиз бўлиб чиқди.

1957 йили Малайзиянинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) аҳоли жон бошига атиги 250 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 10 минг АҚШ долларидан ошди. ЯИМнинг аҳоли жон бошига тақсимоти 2020 йилга бориб, 15 минг АҚШ долларига етиши кутиляпти.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида иқтисодиётимиз асосан қишлоқ хўжалиги, фойдали қазилмалар ва балиқчиликка асосланган бўлса, ҳозирда юқори технологиялар, хусусан, электроника маҳсулотлари ва  электр асбобларини ишлаб чиқариш, туризм, банк тизими, хизмат кўрсатиш ва бошқа интеллектуал билим талаб этадиган соҳаларга таянади.

Мустақиллик йилларида аҳолининг ҳаёт даражаси анча ўсди, бунинг исботи, одамларнинг умри узайди. Авваллари аёллар ўртача 60, эркаклар эса 55 йил ҳаёт кечирган бўлса, ҳозир аёллар – 75, эркаклар – 70 йил умр кўряпти. Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига давлат бюджетининг 30 фоиздан ортиқ қисми сарфланаяпти.

Малайзия ҳукумати охирги беш йил давомида давлат тизими ва иқтисодий жабҳада ислоҳотлар амалга оширмоқда. Мазкур ислоҳотлардан кўзланган мақсад давлат ташкилотларининг очиқлигини таъминлаш, электрон ҳукумат жорий этиш ва, шу билан бирга, иқтисодиётни янада рақобатбардош қилишдан иборат. Биз Малайзиянинг йирик корхоналари дунёдаги энг кучли халқаро корпорациялар қаторига киришини истаймиз. “Петронас”, “Протон” каби глобал миқёсда фаолият юритаётган йирик компанияларимиз кўпайишини хоҳлаймиз. Мазкур мақсад рўёби йўлида давлат ташкилотларива хусусий компаниялар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши талаб этилади.

– Замонавий Малайзия ҳақида сўз борганда, 1981–2003 йилларда мамлакат бош вазири сифатида фаолият юритган таниқли давлат арбоби Махатхир Муҳаммадни эсламасликнинг имкони йўқ. Интервьюларингиздан бирида Махатхир Муҳаммадни Сизга идеал бўлган инсон сифатида эътироф этгандингиз. Ушбу давлат арбобининг қайси фазилатларини алоҳида таъкидлаган бўлардингиз? Сизнингча, Махатхир Муҳаммаднинг Малайзия тараққиётидаги асосий хизмати нимада?

– Дарҳақиқат, Махатхир Муҳаммаднинг Малайзия тараққиётидаги ўрни беқиёсдир. Унинг раҳбарлигида мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига асосланган аграр тизимдан саноат ва юқори технологияларга асосланган иқтисодий моделгача бўлган босқичларни босиб ўтди. Аҳолининг реал даромадлари ўсиб, Малайзия ўрта даромадли мамлакатлар қаторига қўшилди. Махатхир Муҳаммаднинг саъй-ҳаракатлари билан халқимиз дунёқараши анча ўзгарди, фуқароларимизда ўзига ишонч ошди, прогрессив ғояларни тез қабул қилиш кўникмаси шаклланди.

Махатхирнинг 22 йиллик бошқарув даврида Малайзия бутун мусулмон дунёсига намуна бўла оладиган мамлакатга айланди, жаҳонда “Махатхир” ва “Малайзия” сўзлари синоним сифатида қабул қилинадиган бўлди.

Осиёни мураккаб вазиятга солиб қўйган 1998 йилги иқтисодий инқироз Малайзияни-да четлаб ўтмади. Махатхир Муҳаммад томонидан кўрилган инқирозга қарши чора-тадбирлар ўз маъно-мазмунига кўра ноёб эди. Шу тариқа, Малайзия ўз кучига таяниб, бошқа мамлакатлар ёки халқаро молиявий ташкилотлардан кредит олмаган ҳолда инқироздан чиқиб кетди. Ҳозиргача камдан-кам мамлакат Халқаро валюта жамғармаси ёки Жаҳон банкининг кредитисиз инқироздан чиқа олган. Аслида, бу ташкилотлар осонгина қарз бериб қўймайди, берса ҳам, бир қатор шартлар қўяди, баъзида бу шартлар кредит олаётган мамлакат манфаатига тўғри келмаслиги ҳам мумкин. Умуман, қарз олиш кимнингдир қош-қовоғига қараш, маълум маънода қарамлик, демакдир.

Ҳеч муболағасиз, Махатхир Осиёдаги Ганди, Сукарно ва Ли Куан Ю каби тилларда достон раҳбарлар сафида туради.  Ҳозирда Махатхир Муҳаммад кўплаб мамлакатлар, ҳатто Япония, Жанубий Кореядек ривожланган давлатларга маъруза ўқишга таклиф этилади. Махатхир Муҳаммаднинг яна бир фазилати, бошқа мамлакатларнинг собиқ раҳбарларидан фарқли ўлароқ, ўз маърузалари учун пул талаб қилмайди.

1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён Малайзия ва Ўзбекистон ўртасида кўп томонлама алоқалар ўзаро ҳурмат ва манфаатдорлик тамойиллари асосида ривожланмоқда. Икки томонлама иқтисодий муносабатларнинг ҳозирги ҳолати Сизни қониқтирадими?

– Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган, Малайзиянинг Тошкентдаги элчихонаси 1993 йилдан буён фаолият юритиб келяпти. Ҳозиргача мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиёт, сиёсат, савдо-инвестиция, маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик барқарор ривожланмоқда. Айни чоғда, муносабатларимизни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун фойдаланилмаган катта имкониятлар мавжуд.

Малайзия Ўзбекистондан кимёвий ўғит, қуритилган ва ҳўл мева сотиб олишга қизиқса, Ўзбекистонга электроника, пальма ёғи, какао ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилади. Малайзиянинг “Петронас” компанияси Жанубий Африка Республикасининг “Сасол” ва “Ўзбекнефтгаз” миллий компаниялари билан ҳамкорликда газдан суюлтирилган ёқилғи олишга имкон берувчи завод қурилишида иштирок этмоқда. Ўзбекистонда инвестициявий муҳит янада яхшиланиши билан, келажакда иқтисодий ҳамкорлигимиз бундан-да кенгаяди, деган умиддаман.

Шу билан бирга, туризм ва таълим соҳаларида ҳам ҳамкорлигимиз тараққий этиб бормоқда. Ҳар йили 13 минг нафарга яқин ўзбекистонлик Малайзияга дам олишга боради ва 3 минг нафар малайзиялик Ўзбекистонга сафар уюштиради. Малайзиянинг турли олий ўқув юртларида кўплаб ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқда.

– Чиндан ҳам, Малайзия олий таълим соҳасида минтақадаги етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. 2007 йилда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида имзоланган меморандумга асосан олий таълим соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ўзингиз эътироф этганингиздек, Малайзия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар орасида ўзбекистонлик ёшлар талайгина. Ўзбекистон вакиллари асосан қайси йўналишларда таҳсил олмоқда? Таълим соҳасида янги лойиҳалар кўзда тутилмоқдами?

– Ҳозирги тез ўзгараётган дунёда таълим соҳаси доимий равишда такомиллашиб бориши шарт, чунки олий ўқув юртини тамомлаётган талаба меҳнат бозорининг қатъий талабларига жавоб бериши керак. Малайзияда ҳам хусусий, ҳам давлатга тегишли олий ўқув юртлари мавжуд. Кўплаб хусусий олий ўқув юртлари чет эл университетларининг филиаллари саналади. АҚШ, Канада, Буюк Британия, Австралия, Янги Зеландия каби мамлакатлар олий ўқув юртлари Малайзияда ўз филиалини очган. Бундан кўзланган мақсад юқори даражада билим олиш нархини арзонлаштиришдан иборат. Масалан, айни савиядаги таълим АҚШ ёки Буюк Британияда Малайзиядан уч баравар қиммат. Шунинг учун кўплаб хорижлик талабалар Малайзияга келиб таҳсил олмоқда. Ҳозирда Малайзия олий ўқув юртларида 100 мингга яқин хорижлик талаба билим олмоқда, шулардан 700 нафарга яқини ўзбекистонликлардир.

Бундан ташқари, Малайзия техник ҳамкорлик дастури асосида ҳар йили ўндан зиёд ўзбекистонлик мутахассис Малайзияда малака ошириб қайтмоқда, Малайзиянинг “Петронас” ва Ал-Бухорий халқаро университетларида грант асосида 36 ва 40 нафар ўзбекистонлик талаба ўқимоқда. Баъзи талабалар ўз юртига қайтиб фаолият бошлаётган бўлса, баъзилари Малайзияда қолиб меҳнат қилмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасида сайёҳлик соҳасида ҳам алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Бу борада Ўзбекистон фуқароларининг Малайзияда 30 кун мобайнида визасиз бўлиши тартиби жорий этилганини ўзаро дўстлик муносабатлари ифодаси сифатида эътироф этиш мумкин. Малайзия туризм тараққий этган давлатлардан бири саналади. Мамлакат ялпи ички маҳсулотида ҳам сайёҳлик улуши катта. Ўз навбатида, Ўзбекистон хорижлик сайёҳларни жалб этувчи кўҳна шаҳарлар ва тарихий масканларга эга. Давлатларимиз ўртасида ўзаро сайёҳлар алмашуви бугун қай даражада?

– Халқаро туризм ташкилоти маълумотига кўра, Малайзия 2012 йилда 25 миллион хорижлик сайёҳни қабул қилди ва мазкур соҳадан салкам 13 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад кўрди. Шу тариқа, сайёҳлар қабул қилиш бўйича дунёда 10-ўринни эгаллади. Мамлакатимизда туризм соҳасида 200 минг киши иш билан таъминланган, мазкур тизимга меҳмонхоналар, ресторанлар, йирик савдо мажмуалари ва бошқа хизмат кўрсатиш жабҳалари киради.  Малайзия ҳукумати сайёҳлик соҳасини ривожлантириш учун 120 дан ортиқ мамлакат фуқароларига қисман визасиз режим жорий этган. Шу жумладан, ўзбекистонликлар ҳам Малайзияда бир ойгача визасиз дам олишлари мумкин.

Мамлакатларимиз ўртасида туризм бўйича муносабатлар ҳам тараққий этиб бормоқда. Ҳар йили ўтказиладиган Тошкент халқаро туризм ярмаркасида Малайзия мунтазам қатнашади. Малайзиялик мутахассислар Ўзбекистонга тез-тез таклиф этилишади: улар бу ерда ўз  тажрибалари билан ўртоқлашишади. Малайзиянинг Тайлорс университети Тошкентда туризм йўналишига ихтисослашган олий ўқув юрти таъсис этиш бўйича музокара олиб бормоқда.

Ўзбек халқида “Юрган – дарё, ўтирган – бўйра” деган мақол бор. Юртимизда элчи сифатида ишлаётганингизга беш йилдан ошди. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда Сизни ҳайратга солган ҳолатлар ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Мен ўзимни жуда бахтиёр инсон, деб ҳисоблайман. Негаки, охирги беш йил давомида жаннатмакон ўзбек диёрида фаолият олиб бормоқдаман. Шу қисқа вақт ичида мамлакатингиз жуда катта ютуқларга эришди, аҳолининг фаровонлиги ошди. Янги уйлар қурилмоқда, “Каптива”, “Малибу” каби замонавий автомобиллар соҳиблари кўпаймоқда, шаҳарлар кўркамлашиб бормоқда, қаерга борманг, катта қурилишлар кетаётганига гувоҳ бўласиз. Бозорларга тушсангиз, шириндан-шакар мевалар дейсизми, сабзавотлар дейсизми, бари муҳайё, арзончилик. Одамларнинг юзида табассум, эгнида чиройли ва ўзига ярашган кийимлар.

Мамлакатда янги мактаблар, поликлиникалар, шифохоналар, спорт мажмуалари, маданият марказлари  ва бошқа аҳолига хизмат кўрсатиш иншоотлари қад кўтаряпти. Дам олиш кунлари ресторанларга одам сиғмайди.

Чиндан ҳам, мустақиллик йиллари Ўзбекистонда улкан ишлар амалга оширилди, иқтисодиёт тубдан ислоҳ этилди, аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланишига катта имкониятлар яратилди.

Яқинда Фарғона шаҳрига борганимда, ўша ерлик бир киши билан учрашдим. 20 сотих ҳовлиси бор экан. Ҳовлини ярмидан каттароқ қисми боғ, турли мева кўчатлари ўтқазилган. Унинг айтишича, атиги 40 туп гилосдан ҳар йили 10 минг АҚШ долларидан ортиқ даромад олар экан. Бу ҳар йили битта “Нексия” автомобили сотиб олиш имконияти, дегани! Фарғона аҳли боғдорчиликда анча илғор экан, Олтиариқ тумани эса узумчиликда тенги йўқ экан.

Умримнинг беш йилини Ўзбекистонда ўтказганимдан жуда хурсандман, Яратганга беадад шукур! Ўзбек халқи каби меҳнаткаш, меҳмондуст халқ кам топилади. “Vatandosh” таҳририяти АҚШда жойлашган экан. Муштарийларингизга шуни айтмоқчи эдимки, қаерда бўлсангиз ҳам, ўзбек эканигингиздан ҳамиша фахрланиб юринг. Киндик қонингиз тўкилган, тупроғи тиллога тенг Ватанингизни қадрланг. Фурсатдан фойдаланиб, бутун ўзбек халқини Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 22 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.

Собир Салим суҳбатлашди.

SHARE