“Мослашиш – оммавий маданиятнинг энг суюкли усули, ўйинчоғи”

phplcl4bhТаниқли адабиётшунос, таржимон Иброҳим Ғафуров фикрича, таржимоннинг ўқувчи дидига мослашишини оқлаб бўлмайди. Журналист Собир Ёқубовнинг таржимон билан “Ёшлик” журналида эълон қилинган суҳбатида ўзбек таржима мактабининг бугуни, истиқболлари, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида сўз боради.

Журналист таржимонга савол берар экан, “Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак” деб ҳассос ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг ўгитини тилга олади. Собир Ёқубовнинг фикрича, ўқувчи (тингловчи, томошабин) дидини аёвсиз жизғанак қилаётган бозор адабиёти ва тижорий ўзандаги театр-кино Андишадан мосуво экани аччиқ ҳақиқат. Қўлбола молини усталик билан бадиият намунаси сифатида кўрсатишга уринаётганлар эчкининг чандирини барра қўй гўшти деб ўтказаётган суллоҳ қассобдан фарқ қилмайди.

“Сизнингча, санъат ниқобини тутган жўнлик, саёзлик, ўртамиёналик, дидсизлик билан қандай курашиш мумкин? Шишадан аллақачон чиқиб кетган девни унга қайтариш йўли борми? Ё, айрим зиёлиларимиз маслаҳатига кириб, лойқа оқаётган дарёнинг тинишини кутиш керакми? Сув тингунча, асов дарё анча-мунча кўприкни бузиб-янчиб-ювиб кетмайдими? Таржимоннинг ўқувчи дидига мослашишини ёқ(оқ)лайсизми?”, деб сўрайди.

– Таржимон ҳам, ёзувчи ҳам ҳеч қачон дид-фаросатда замондош ўқувчига мослашиб, тенглашиб ижод қилолмайди. Ижодкор ҳамма вақт дид-фаросат, виждонлиликда замондан, замондошларидан анча олдинроқда юради — дейди Иброҳим Ғафуров мазкур саволга жавоб берар экан.

Таржимоннинг фикрича, бўйи омманинг бўйига баравар, қилиғи омманинг қилиғидан фарқ қилмайдиган, ўз фикрига эга бўлмаган киши қандай қилиб ёзувчи, шоир, санъаткор, танқидчи, таржимон бўлиши мумкин?

“Йўқ, ижодкор ҳамма вақт чуқурроқ ўйлайди, узоқроқни кўради, умум манфаатини ўткирроқ, теранроқ тушунади. Шунинг баробарида у ижодкор деб аталади. Одамлар ўқимайди деб, Жойс, Флобер, Достоевский, Кафка, Нитше, Беккет, Ионескони таржима қилмай ўтираверсак, бизни ким ижодкор деб тан олади? Бизни инсоният маданиятларидан ким баҳрадор қилади? Мослашиш маданият табиатига, ижтимоий вазифасига тамомила зид”, дейди Иброҳим Ғафуров.

Унинг наздида, мослашиш – оммавий маданиятнинг энг суюкли усули, ўйинчоғи. Оммавий маданиятга ўнг-терси кўринмайдиган, бош-кети бир бўлиб кетган оммавий эрмак керак.

Суҳбатнинг тўлиқ матни сайтимизда эълон қилинган.