“Озодбек Назарбеков вақти-вақти билан янги қўшиқлар яратишни унутиб қўяди”

озодбек-назарбековЎзбекистонда шоу-бизнесни ёритишга ихтисослашган Shov-shuv.uz сайти раҳбари Жасур Ҳамроев бугунги кунда ўзбек эстрадасининг айрим хонандалари фаолияти ҳамда қўшиқларига ўз муносабатини билдирди.

Муаллифнинг фикрича, Озодбек Назарбеков яхши ижодкор, бироқ, вақти-вақти билан янги қўшиқлар яратишни унутиб қўяди. “Муваққат ҳаволаниб қоладимикан? Халқ артисти, қиммат гонорар эгаси бўла туриб, ойда-йилда битта клип қилади!”, дейди Жасур Ҳамроев.

Журналистнинг фикрича, “Одамларнинг жонига тегиб қолмай” дея ўзини юпатиши ҳам бордир, бироқ, санъат олимпида, ўзбек-шоу бизнеси карвонининг сарбони эканлигини унутмаслиги лозим.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига борсангиз, Озодбекнинг ижодий маркази учун ажратилган бир хонага ҳам кўзингиз тушади. Бироқ, сўнгги марта бу марказга хонанда қачон борганини эслолмаса ҳам керак!? Бир пайтлар Назарбековнинг “Озод-шоу”сидан кўз узмаётгандик. Энди ғоя ҳам, шоуда чиқадиган машҳур ҳам “тугаб” қолгандай…», дея жиддий танқид остига олади муаллиф.

Жасур Ҳамроев ўз материалида савол беради: «Шохруххон билан кўчалар ҳақида дуэт куйлагунча, ўз йўлидан адашмай, қулоққа хуш ёқадиган бирон қўшиқ куйлаш учун топилмадими? Янги қўшиқлар фақат “Истиқлол”да ўнбеш кунлаб яккахон концерт бериб, “пул ҳосили”ни териб олиш учун яратилмайди-ку?!»

Муаллиф «Мухлислар садоқатини ҳам сал эътиборга олинг, Назарбеков!  “Вакуумдаги ижод” қандай натижа билан якун топишини яхши билсангиз керак», дея ўз фикрига хулоса ясайди.