Абдунаби АБДИЕВ: “Бугун ўтирса роман, турса қисса, юрса ҳикоя ёзиб қўядиган адиблар пайдо бўляпти”

Book2Бугун ўзбек адабиётида кечаётган жараёнлар ҳар бир ўқувчига қизиқ. Яратилаётган асар, унинг мазмун-моҳияти, “ўлик” адабий танқид — барчаси бугунги ижод аҳлининг бош мавзуига айланган. Таниқли адабиётшунос, ижодкор Абдунаби Абдиевнинг мақоласида ҳам ана шу мавзу кўтарилади. Мақола “Оила даврасида” газетасида эълон қилинган.

“Илгарилари китоб чиқариш у ёқда турсин, шеър ёки ҳикоянгиз адабий-бадиий газета-журналлар саҳифасидан ўрин олиши учун ҳам минг битта чиғириқларга дуч келар, Ёзувчилар уюшмаси махсус кенгашидан ўтсагина катта саҳнага йўл оларди”, дейди ёзувчи.

Унга кўра, ҳозир эса, китоб нашр этиш ҳам ўзига хос бизнесга айланди.  Ёмғирдан сўнгги  қўзиқоринлардек, сони кўпайган ноширу нашриётлар хизматингизга ҳозиру нозир. Фақат чўнтагингизда ақчангиз ёки саховатли ҳомийингиз бўлса, бас. Шапалоқдек, ёстиқдек китобларингизни бир кечада (қизишиб, бироз ўтрик дедимми, дейман-ов) жимжимадор қилиб қўлингизга тутқазишади. Уни ким харид этиши эса ўз муаммоингиз. Қулоғингизни яқинроқ келтирсангиз, тағин бир сирни очаман: йирикроқ ўқув даргоҳида сўз ўтар танишингиз бўлса, қўйилган нарх­га уч-тўрт сўм қўшиб, ўтказиб беради.

Балки ёш ҳаваскорнинг китобини чиқариш, ҳомийлик қилиш унга ижодий рағбат берар, аммо адабий жамоатчиликка анча танилиб қолган ижод аҳли ўртасида ҳам китоб чиқариш мусобақаси авж олаётганига нима дейсиз?

Ижодкор бугунги назмга ҳам баҳор берар экан, буюк Навоийдан мерос шеър ва шеъриятнинг илоҳий кучи бор: қадрига етганни улуғлаб, нописандни назардан қолдиради, дейди. “Гапнинг очиғи, кейинги вақтда ҳамма шоирликка даъвогар. Фонограммада хирилдоқ овозига сайқал берилиб, икки-уч қўшиғини айлантираётган эстрада «юлдуз»часи ҳам матнни бемалол ўзи ёзяпти”, дейди у.

Ўз фикрини давом эттирар экан, тумтарақай мисралар, фикрсиз матн учун шоир деган ном — ҳайф! Тағин шоирчиликнинг «қўшиқчи шоир» деган кўриниши ҳам дунёга келди. “Қизиқ, Алишер Навоий ҳазратлари мумтоз адабиётимизнинг гултожига айланган ғазалларини қайси қўшиқчининг буюртмасига биноан ёзган экан? Эркин Воҳидов «Инсон ўзинг»ни, Абдулла Орипов «Биринчи муҳаббатим»ни, Омон Матчон «Умр ўтар»ни қўшиқ бўлади, деб ижод қилганмиди? Яхши шеър ўз-ўзидан мусиқага тушиб кетавермайдими? Ўзи бугун матнга мусиқа басталаняптими ёки мусиқага матн ёзил­яптими?”, деб савол беради мунаққид.

“— Ҳафталик кўнгилочар газеталардан бирига қиссаларимни жўнатган эдим, таҳририятдан «асарларингиз ниҳоятда жиддий экан, уларни газетхонларимиз ҳазм этолмайди», деган жавоб олдим, — дейди фиғони фалакка чиқиб,  бир қаламкаш дўстим”, деб ёзади муаллиф.

Қизиқ, руҳий драматизмга бой асарларни ўзбек китобхони қачондан буён ҳазм этолмай қолди? Ёки бундай газеталарнинг вазифаси одамларга фақат олди-қочдилардан иборат, кишини фикрлашга ундамайдиган саёз нарсаларни тақдим этишдангина иборатми?

Китобхондан маълум даражадаги руҳий тайёргарликни талаб этадиган, фалсафий мушоҳадаларга бой асар муаллифнинг машаққатли меҳнати, ботиний эмранишлари эвазига дунёга келади. Бундай ёзувчи ижодида сермаҳсуллик кўзга кам ташланади. Бугун эса, унинг фикрича, ўтирса роман, турса қисса, юрса ҳикоя ёзиб қўядиган адиблар пайдо бўляпти.

Муаллиф шунга яраша уларнинг битикларидан бадиият бир четда қолиб, жўн жумлалар, саёз сюжетлар кўпроқ ўрин олаётганини айтади. “Аслида, туриш-турмуши салбий қусурлардан таркиб топган қаҳрамонни китобхонга ижобий образ ўрнида тиқиштиришдан мақсад не? Ғарб­да «енгил мутолаа» деб номланган детектив асарлардан кўчиб ўтган воқеалар силсиласида ўзбекчилигимизда бир-биридан сир тутиладиган маи­ший саҳналар очиқдан-очиқ баён этилаётганига нима дейиш мумкин?”, дейди у.

Абдунаби Абдиев бугун ўзбек адабиётида пастга шўнғиб кетаяпти, дейишдан йироқлигини айтади. “Муҳаммад Али, Асад Дилмурод, Наби Жалолиддиннинг тарихий романлари, Аҳмад Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Исожон Султоннинг инсон руҳий оламини кашф этиш йўлидаги экспромтлари, Нормурод Нор­қобилнинг табиат манзаралари, Эркин Аъзам, Шойим Бўтаев, Абдуқаюм Йўлдош, Луқмон Бўрихон,  Қўчқор Норқобилнинг миллийликка йўғрилган қисса ва ҳикоялари — санайверсам, яхши асарларимиз кўп. Адабиётимиз байроқдорлари сафига иқтидорли ёшлар ҳам келиб қўшиляпти”, деб умид билан ёзади.

SHARE