Америка дунёда энг кўп маҳбусга эга мамлакат

20130817_LDD001_0

АҚШ Бош прокурори Эрик Холдернинг айтишича, Америка дунёда энг кўп маҳбусга эга мамлакат ҳисобланади. Гарчи дунё аҳолиси таркибида америкаликлар улуши бор-йўғи беш фоизни ташкил қилса-да, дунёдаги маҳбусларининг катта қисми айнан АҚШ ҳиссасига тўғри келади. АҚШдан 4 баравар кўп аҳолига эга Хитой эса иккинчи ўринда туради.

Эрик Холдерга кўра, ҳар 107 нафар катта ёшдаги америкаликнинг бир нафари қамоқхонада кун ўтказмоқда. Бугунги кунда 2,24 миллион киши ҳибсхонада сақланмоқда.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда АҚШ Бош прокурори жиноят қонунчилиги ислоҳ қилинишини маълум қилди. Хусусан, кекса ёшдаги маҳбусларни озод қилиш, шунингдек, зўравонликка қўл урмаган, мафия ёки бошқа жиноий тўдаларга аралашиб қолмаган ҳамда кам миқдорда гиёҳванд модда билан қўлга тушганлар ҳам жиноий жавобгарликка эмас, балки маъмурий жавобгарликка ёки ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинади.

The Economist журнали Эрик Холдер ва Техас губернатори ушбу масалада фикри бир жойдан чиққанлигини қайд этади. Уларни боғлаб турадиган ўхшашликлар жуда кам. Масалан, Эрик Холдер қора танли, либерал ва “жамият” сўзини жуда кўп ишлатади. Техас губернатори эса оқ танли, консерватор ва “Худо” сўзини жуда кўп ишлатади. Эрик Холдер Техаснинг жуда кўп ташаббусларига қарши чиқиб келади.

Аммо улари иккаласи бир масалада, яъни АҚШ қамоқхоналарида маҳбуслар сони ортиб бораётгани масаласида якдил фикрда. 2003 йилда Техас губернатори штат парламентида махсус қонунни тасдиқлатиб олади. Унга мувофиқ, муайян миқдордаги гиёҳванд модда билан қўлга тушганлар қамоққа эмас, шартли жавобгарликка тортилган. Техас 2007 йилда гиёҳвандликка чалинганларни даволаш ҳамда зўравонлик содир этмаган жиноятчиларга қамоқ ўрнига бошқа муқобил жазо чораларини қўллаш учун  241 миллион доллар йўналтирди. 2003-2011 йилларда штатда зўравонлик жиноятлари 14,2 фоизга камайди.

Аммо ҳозирча Эрик Холдернинг янги ислоҳотлар режаси қандай жиноят турларини қамраб олиши ва қанча маблағни тежаб қолиши номаълум. Негаки, федерал қамоқхоналар штатлар қамоқхонасидан кўра кенгроқдир.