Исроил парламентида 14 йил ўтиб яна Фаластин байроғи ҳилпиради

image14143116_177976da44ec354255bfebee067a458cСўнгги 14 йил деганда, Исроил парламенти — Кнессетда Фаластин мухториятининг байроғи кўтарилди. Бу ҳақда lenta.ru хабар тарқатди. 31 июль куни Кнессетда Фаластин мухторияти вакиллари 30 нафардан ортиқ яҳудий вазирлари ҳамда Кнессет аъзолари билан учрашув олиб борди.

Фаластинлик сиёсатчи Абдулла Абдулланинг айтишича, Исроил ва Фаластин байроқларининг ёнма-ён қўйилгани уни жунбушга келтирган. Унинг фикрича, бу икки давлат ўртасидаги тинчлик музокаралари бошланган пайтда бундай саъй-ҳаракатни тимсолий аҳамиятга эга.

Абдулла Абдулла Исроил парламенти депутатларига Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббосдан Рамаллоҳдаги Фаластин парламентига ташриф буюриш учун таклифномани тақдим этди. The Jerusalem Postнинг ёзишича, яҳудийлар делегацияси ташрифи чоғида Фаластин парламентида ҳам Исроил байроғи осиб қўйилади. Ўз навбатида, Исроил парламенти аъзолари мазкур таклифга қизиқиш билдирган.

Мазкур ташриф Исроил—Фаластин можаросини тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори Ҳилик Бар бошчилигидаги парламент лоббиси томонидан уюштирилди. Қолаверса, мазкур учрашувни ташкил этишда 2002 йилда ташкил этилган OneVoice ташкилоти ҳам фаол қатнашди. Улар Ғарбий соҳилда мустақил араб давлати тузилиши тарафдори ҳисобланади. Ҳилик Бар Исроил тарафидан мазкур учрашувда қатнашган депутатлар сони кўплигидан қувонганини ёзади.

Охирги марта Фаластин байроғи Исроил парламентида 1999 йилда икки давлат парламентлари раҳбарлари учрашуви чоғида кўтарилган эди. Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Вашингтонда Фаластин ва Исроил делегацияси тинчлик музокараларини олиб бормоқда.

Бу ҳақда шарҳловчимиз Мурод Ғофуров шарҳини ўқишингиз мумкин.