Сенат “Талко” ДУК фаолият соҳасини ўзгартириш бўйича шошилинч чоралар кўришга чақирди

    TJTalcoЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Тожикистон “Талко” ДУК корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти экологияга ва одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъсирни бартараф этиш чоралари тўғрисида қарор қабул қилди. Қарор матни ЎзА расмий сайтида эълон қилинди.

    Гарчи қарор деб эълон қилинган бўлса-да, уни Сенат баёноти сифатида қабул қилиш тўғри бўлади.

    Қарорда қайд этилишича, Ўзбекистон Олий Мажлисининг қуйи ва юқори палаталари муҳокамасига мамлакат Экологик ҳаракати ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан тақдим этилган “Талко” ДУК зарарли чиқиндиларининг атрофдаги экологик муҳитга ва аҳолининг саломатлигига тобора кучайиб бораётган салбий таъсирини чуқур ўрганишга доир материаллар ушбу чиқиндилар таъсирини йўқотиш бўйича шошилинч чоралар кўриш масаласини ғоят зарур муаммо сифатида кун тартибига олиб чиқмоқда.

    Тожикистон Республикасининг Турсунзода шаҳрида 1975 йилда қурилган, ишлаб чиқариш технологияси эскириб кетган, тозалаш тизими самарасиз бўлган алюминий корхонаси ҳар йили атмосферага 22-23 минг тоннага яқин ифлослантирувчи моддаларни, шу жумладан, 200 тоннадан ортиқ ғоят хавфли ҳамда одамлар саломатлиги ва атроф-муҳит учун зарарли бўлган фторли водородни чиқариб ташламоқда. Ҳозирги вақтда “Талко” ДУК фаолияти натижасида Сурхондарё вилоятининг шимолий туманлари ҳудудида атмосфера ҳавосидаги фторли водороднинг миқдори йўл қўйиладиган энг юқори концентрациядан (ЙҚЮК) ўрта ҳисобда 1,8-2 баравар, ёз ойларида эса 3,4 баравар ошиб кетмоқда.

    Ушбу зарарли моддаларнинг талай қисми ҳаво оқими билан теварак-атрофга, шу жумладан, Ўзбекистоннинг Денов, Сариосиё, Узун ва бошқа туманлари ҳудудига ўтиб, минтақанинг минг йиллар давомида шаклланган экологик тизимини бузмоқда, шунингдек, бу ерда зич яшаётган 1 миллионга яқин аҳолининг соғлиғига ўнглаб бўлмайдиган даражада зарар етказмоқда.

    Қарорда қайд этилишича, болалар ўртасида патологик касалликлар кўпайиб бораётганлиги, айниқса, хавотирга солмоқда. Охирги беш йилда Сариосиё туманида болаларнинг ўлик туғилиши ҳоллари 7,7 баравар кўпайган. Сариосиё туманида 175 минг аҳолининг 42 мингдан кўпроғи эндокрин касалликларга чалинган, Узун туманида яшайдиган 150 минг кишининг 100 мингга яқини эса турли ўзига хос хасталикларга дучор бўлган. Умуман олганда, Тожикистон алюминий корхонаси чиқиндиларининг трансчегаравий таъсирига учраган туманларда болаларнинг ҳам, катта ёшли аҳолининг ҳам касалланиши патологик бузилишларнинг қайталаниши жиҳатидан Сурхондарё вилоятидаги ўртача даражадан 3 баравар юқори.

    Ўз-ўзидан равшанки, тобора оғирлашиб бораётган, Тожикистоннинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам экологияси ва аҳолиси соғлиғига катта зарар етказаётган шундай кенг кўламли муаммога бундай муносабатни нормал деб ҳисоблаш мумкин эмас.

    “Талко” ДУК ишлаб чиқариш фаолияти туфайли оғир сурункали ва патологик касалликлардан, экологик муҳитнинг ўнглаб бўлмас даражада ўзгаришларидан жафо чекаётган одамларнинг соғлиғига ва аҳоли генофондига етказилаётган жуда катта зарарнинг кўлами тобора кенгайиб бораётганлигидан қаттиқ ташвиш билдириб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари қуйидагиларни кечиктириб бўлмайди, деб ҳисоблайдилар:

    Биринчидан, Ўзбекистон ҳудуди доирасида “Талко” ДУК чиқиндиларининг одамлар соғлиғига ва табиий муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш ҳамда камайтириш, минтақада экологик вазиятни соғломлаштириш бўйича ўзимизга боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўриш, бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий нормалар, ресурслар ва имкониятларни сафарбар қилиш.

    Иккинчидан, барча манфаатдор халқаро экологик ташкилотлар, БМТ тузилмалари, парламентлар, ҳукуматлар ва халқаро жамоатчиликнинг эътиборини “Талко” ДУКнинг фаолият зонасидаги тобора оғирлашиб бораётган экологик ҳалокатни бартараф этишга, ушбу зарарли ҳамда одамлар соғлиғи ва атроф-муҳит учун хавфли бўлган корхонанинг фаолият соҳасини ўзгартириш бўйича шошилинч чоралар кўришга қаратиш.

    Учинчидан, биз ишонамизки, вужудга келган аҳволдан қутилиш йўли бўлиши керак ва у албатта топилади. Трансчегаравий ифлослантириш муаммолари халқаро ҳуқуқнинг умумқабул қилинган принциплари ва нормаларини, халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, БМТ тегишли қарорларининг инсон саломатлигини, унинг тоза атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга йўналтирилган қоидаларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиниши мумкин ва керак.

    Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Тожикистондаги юз минглаб аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи, ушбу минтақада яшайдиган ва меҳнат қиладиган келгуси авлодларнинг тақдири мазкур масалаларнинг тезроқ ҳал қилинишига боғлиқ.

    SHARE