Самарқандда қуёш фотоэлектрик станцияси барпо этилмоқда

    17-07-12-solnech-elektostanciya

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан, “Ўзбекэнерго” ДАКнинг Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектрик станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошланган.

    “Ўзэлэктротармоқ” унитар корхонасининг Самарқанддаги Жануби-ғарбий магистрал корхонаси директори ўринбосари Санжар Қўлдошевнинг «Халқ сўзи» газетасига берган интервьюсида айтилишича, Фармонда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилди. Аввало, Пастдарғом тумани “Торариқ” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 400 гектар ер майдони ажратилди. Ҳозир бу ерда геология ва топосъёмка ишлари тугатилиб, Тошкент шаҳридаги “Иссиқлик электрлойиҳа” ОАЖ томонидан лойиҳа ишлари бажарилаяпти. Шунингдек, “Мароқанд” темир йўл станцияси билан қуёш электр станцияси қуриладиган майдонгача бўлган 13 километрлик йўлда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

    Мазкур йирик иншоот ишга тушгач, йилига 192 миллион кубометр табиий газни тежаш имконияти юзага келади. Бундан ташқари, дастлаб 25 нафар, кейинчалик 100 нафардан зиёд кишининг бандлиги таъминланади.

    Ҳозир мазкур станция қурилишининг молиявий асослари ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳани ҳаётга татбиқ этишда барча техник жиҳозлар Осиё тараққиёт банки томонидан етказиб берилади. Қурилиш-монтаж ишлари эса “Ўзбекэнерго” ДАК томонидан амалга оширилиши режалаштирилган.
    Кези келганда таъкидлаш керакки, ушбу иншоот Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.

    Мазкур лойиҳадан келиб чиқиб, ҳозирги кунда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида энг илғор технологиялар асосида 100 МВт қувватли фотоэлектрик панеллар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона барпо этишга киришилган.