Марказий банк раиси Файзулло Муллажонов: “Мустақиллик арафасида ва унинг дастлабки йилларида банк тизими олдида ўта жиддий муаммолар мавжуд эди”

images (26)“Ўзбекистон 1991 йилгача ўзининг алоҳида мустақил банк тизими ва ­мустақил пул-кредит сиёсати юритиш имкониятига эга эмас эди. Республикадаги пул-кредит сиёсати эса собиқ иттифоқ Давлат банки белгилаб берган қоида ва кўрсатмалар асосида амалга ошириларди. Бунда пул-кредит сиёсати тўлиқ марказлашган, ёпиқ характерга эга бўлиб, у тўғрисида бирон-бир маълумот ошкор этилмасди. Пул эмиссияси ягона марказдан амалга оширилар ва сўнгра олдиндан белгилаб қўйилган лимитлар асосида республикаларга тарқатилар эди”, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи Файзулла Муллажонов “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган мақоласида.

Марказий банк раисига кўра, ўша даврдаги банк тизимининг яна бир оғриқли нуқтаси собиқ иттифоқ ҳудудида ички ҳисоб-китобларнинг чалкашликларга учраганлиги эди. Совет иттифоқидек катта ҳудудда автоматлаштириш даражасининг пастлиги сабаб банк филиаллари ўртасидаги ҳисоб-китоблар (МФО — филиал­лараро айланма) тизими ноқулайликларни келтириб чиқарар, бир шаҳарда жойлашган банк филиаллари ўртасидаги ҳисоб-китоблар ҳафталаб охирига етмай қолар эди.

“Ўзбекистон ҳали собиқ иттифоқ таркибида бўлган даврдаёқ мустақил банк тизимининг тамал тоши қўйилди.  Гап шундаки, 1990 йилда Ўзбекистонда саноат, сув хўжалиги ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қурилиш корхоналарини молиялаш, тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, қўшма ва юқори рентабелли ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида пайчилик асосида “Турон” бирлаштирув тижорат банки ­ташкил этилди”, дейди банк тизими мутасаддиси.

Ф. Мўллажоновга кўра, мустақиллик арафасида ва унинг дастлабки йилларида банк тизими олдида ҳам ўта жиддий муаммолар мавжуд эди. Хусусан, макроиқтисодий вазиятнинг жиддий ёмонлашиши, собиқ иқтисодий макондаги иқтисодий алоқаларнинг узилиши, ишлаб чиқариш ҳамда республикалараро савдо ҳажмларининг сезиларли қисқариши натижасида талаб ва таклиф мувозанатининг бузилиши, рублга асосланган пул муомаласининг ўта мураккаблашиши, муомалада нақд пулларнинг ҳаддан зиёд кўпайиши, юқори даражадаги инфляциянинг юзага келиши, қолаверса, банк операцияларини амалга ошириш учун зарур технологиялар ва тўлов тизимининг мавжуд эмаслиги, ҳаттоки оддий компьютер техникасининг йўқлиги, айниқса, янги тартибда самарали фаолият кўрсата олувчи юқори малакали банк соҳаси маҳаллий раҳбар ва мутахассисларининг тақчиллиги каби ўткир масалалар кўндаланг турар эди.

Мустақиллик йилларида замонавий банк тизимини шакллантириш ва уни халқаро меъёрларга мос равишда ривожлантириш борасида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб, шуни таъкидлаш жоизки, соҳадаги ислоҳотларнинг биринчи ва иккинчи босқичларини ўз ичига олган 1991 — 2000 йилларда қуйидаги муҳим тадбирлар амалга оширилди.

Биринчидан, пул-кредит ва банк тизимини тартибга солувчи ва назорат қилувчи ягона орган, давлатнинг захира ва эмиссион муассасаси — Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташкил этилди, халқаро стандартлар талабларига тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Марказий банк ҳузурида унинг бош функ­цияларидан бири бўлган пул эмиссияси сиёсатини амалга ошириш учун зарур бўлган муҳим ёрдамчи корхоналар: Қоғоз фабрикаси, Босмахона, Зарбхона, шунингдек, Қимматбаҳо металлар агентлиги ва Республика инкассация бирлашмаси ­ташкил этилди.

Иккинчидан, тижорат банкларини ташкил этиш ва фаолиятини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди ҳамда икки поғонали банк тизими ташкил этилди. Мамлакатимизда мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган тижорат банклари, шунингдек, қўшма ва чет эл банклари фаолият юрита бошлади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қонун билан мустаҳкамланган ваколатлари доирасида банк тизими фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

Учинчидан, давлат мустақиллигининг рамзи, суверен давлатга хос белги, миллий валютамиз — сўм муомалага киритилди. Бу мустақил самарали пул-кредит сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имконини берди.

Тўртинчидан, мижозлар тақдим этган тўлов ҳужжатларини бир банк муассасасидан бошқасига почта орқали етказиш усулига асосланган эски тўлов тизими ўрнига МДҲ мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб ҳар томонлама қулай, транзакциялар сони ва банклар ўртасидаги масофадан қатъи назар, тўловларни реал вақт режимида амалга оширишга қодир бўлган замонавий электрон тўлов тизими ишга туширилди.

Бешинчидан, собиқ иттифоқ банк тизими фаолиятини тартибга соладиган, марказлаштирилган, режали иқтисодий тизим талаблари асосида ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатлар тўлиқ бекор қилиниб, бозор иқтисодиёти тамойилларига хос бўлган махсус қонунлар ва банк фаолиятининг ҳар бир йўналишини тартибга солувчи, халқаро стандартлар талабларига асосланган мукаммал меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилди.

Олтинчидан, манфаатдорликни пасайтирадиган, молиявий воситачилик самарадорлиги ва кўламларини оширишга тўсқинлик қиладиган фоиз ставкалари ҳамда кредит миқдорлари бўйича лимитлар ўрнатиш каби чекловлар бекор қилиниб, банклар фаолиятини тартибга солишнинг билвосита инструментлари жорий қилинди.

Еттинчидан, тижорат банкларида бухгалтерия ҳисоби тўлиқ автоматлаштирилди, халқаро андозаларга мос келувчи бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи ҳамда молиявий ҳисоботлар тизимлари жорий этилди. Банклар фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишнинг банк фаолиятини лицензиялаш ва банкларни рўйхатга олиш, масофадан назорат қилиш ва жойига чиқиб текшириш услублари амалиётга татбиқ қилинди.

Саккизинчидан, лицейлар, коллежлар, олий ўқув юртлари ва уларнинг кафедралари, шунингдек, Банк-молия ҳамда Давлат ва жамият қурилиши академиялари ҳамда хориждаги ўқув юртлари билан ҳамкорликда юқори малакали банк ­мутахассислари ва раҳбар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини доимий ошириб боришнинг самарали ­тизими яратилди.

Умуман олганда, банк тизимида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотларнинг ­биринчи ва иккинчи босқичларини ўз ичига олган 1991 — 2000 йилларда Ўзбекистонда мустақил банк тизимининг ташкилий, ҳуқуқий асослари ва мукаммал инфратузилмаси шакллантирилди. Банклар фаолиятини лицензиялаш, тартибга солиш ҳамда назорат қилишнинг халқаро андозаларга мос ­тизими вужудга келди.