Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди

oqsaroyЎзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, уларга замонавий, чет эл бозорларида рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришда ва уни экспортга чиқаришда зарур ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатиш, мамлакатимизнинг экспорт қилувчи тадбиркорларини ташқи бозор конъюнктураси ўзгаришлари хавф-хатарларидан ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Бу ҳақда Президентнинг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида қайд этилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси нодавлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.

Жамғарма фақат кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликларига хизмат кўрсатади ва ёрдам беради.

Жамғарма маблағларининг бошланғич миқдори 5,0 миллиард сўмни ташкил этади, бунинг 2,5 миллиард сўми давлат бюджети маблағларидан бериладиган бирйўла бадал ҳисобига, қолган қисми эса муассислар – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, шунингдек, бошқа тижорат банклари, молиявий институтлар ва донорларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобига шакллантирилади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ташқи иқтисодий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ юридик, молиявий ва ташкилий хизматлар кўрсатишдан халқаро амалиётда умумқабул қилинган миқдорларда – шартнома қийматининг 3 фоизигача бўлган комиссион ажратмалар тарзида олинган даромадлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Жамғарма маблағларининг манбалари ҳисобланади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, жумладан унинг ҳудудий филиаллари 2019 йилнинг 1 январига қадар барча турдаги солиқлар, йиғимлар, бож ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари товарлар ва хизматларни олдиндан ҳақини тўламасдан, аккредитив очмасдан ёки ўрнатилган тартибда берилган экспорт шартномасининг суғуртаси бўйича полис мавжуд бўлганида 180 кун мобайнида маблағ келиб тушиши ёки орқага қайтариш муддати кафолатисиз хорижий валютага экспорт қилиш ҳуқуқига эгадирлар.