Сент-Луисда янги ўзбеклар жамияти тузилди

617183_10151241272184260_6758800_oБугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар ўзаро бирлашиш, яхши ва ёмон кунларида бир-бирини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Айниқса, миллий қадриятларимизни, тилимизни асраб-авайлаш, янги келаётганларнинг жамиятга мослашувида кўмак кўрсатишга алоҳида урғу берилмоқда. Ана шу эзгу мақсадларда бугун турли жамиятлар тузилмоқда. Сент-Луисда тузилган ўзбеклар жамияти ҳам бунга яққол мисолдир. Биз мазкур жамият таъсисчиларидан бири Анвар Закиров билан ушбу масалада боғландик.

 

— Анвар ака, аввало, хайрли иш билан табриклаймиз ва сизларга омад тилаймз. Айтинг-чи, Сент-Луисда қанча ўзбек оилалари яшайди?

—         Раҳмат. Шаҳарда элликка яқин оила бор ва ҳар йили камида иккита-учта оила келиб қўшиляпти. Умуман, шаҳарда ўзбеклар жамияти ўсиб бораётганидан жудаям хурсандмиз.

—          Тез тез учрашиб турасизларми?

—          Бир йилда камида 2 ёки 3 марта катта маросимлар ўтказамиз, мисол учун, Ҳайит ва Наврўз каби. Ундан ташқари, тўй ва шунга охшаш тадбирлар ҳам бир йилда 1-2 мартта бўлиб туради, шунда ҳам ҳамма йиғилади. Қолаверса, деярли ҳар икки ҳафтада кичик йиғинларда дийдорлашиб турамиз. Энг асосийси ва қувонарлиси, биз иноқмиз. Ким нима бўлишидан қатъи назар тадбирларга келади ҳамда бирга хурсандчилик билан ўтказамиз.

—         Ташкилот очиш ғояси ҳақида ҳам тўхталсангиз?

— Куни кеча йиғинларимиздан бирида — ифторлик/ақиқа маросимида ватандошимизнинг уйларида йиғилгандик, ана ўша ерда асосан ёшлардан бу таклиф чиқди. Катталар дарҳол қўллаб-қувватлашди.

— Кимлар бу ташкилот таъсисчиси ҳисобланади?

— Ташкилот таъсисчилари шаҳардаги барча ўзбекистонликлар. Лекин юқорида айтганимдек, ташаббус асосан ёшлардан чиқди. Кимнингдур исмини айтишни ҳоҳламайман, чунки бу лойиҳа устида ҳаммамиз бирга ишлаяпмиз ва кейин кимнингдур исми ёдимдан чиқиб қолса, у одамнинг кўнглини оғритиб қўймай дейман.

— Ташкилотни очидан мақсад нима?

— Уюшмадан асосий мақсадларимиз миллий байрамларда ҳаммани бир жойга жамлаб нишонлаш, янги келган ўзбекларга моддий, маънавий ва амалий ёрдам кўрсатиш ва Аллоҳ асрасин, лекин ҳаммамизни бошимизда бор — оғир кунларда маросимларни уюштириш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш.

665829_10151241117159260_796759350_o

— Жамият олдидаги режалар?

— Ҳозир Рамазон ҳайитини чиройли қилиб нишонлашни режалаштиряпмиз, ўша рамазон ҳайити сайлида UASTL ҳайъат азолари ва ижрочи масъулларни овозга қўйиб, сайлаб олмоқчимиз, Худо хоҳласа! Кейин келажакда жамият учун бирон бино ижарага ёки сотиб олиб, ўзимизнинг маросимлар учун махсус хоналар, кундалик ишлар олиб бориш учун офис, насиб бўлса, яқин келажакда болаларимиз учун миллий руҳда, ўзимизнинг ўзбекчилигмизда тарбиялайдиган мактаб ташкил қилиш режаларимиз бор.

— Қандай тадбирлар ўтказмоқчисизлар?

— Худо хоҳласа, Рамазон ҳайитидан кейин Қурбон ҳайитини нишонламоқчимиз ва ундан кейин Наврўзни. Ундан ташқари, шу ой Сент-Луисдаги ўзбек жамоаларининг энг ҳурматли оилаларидан бири Усмонов Акмал ака оиласида хурсандчилик бўляпти, у кишининг қизлари турмушга чиқаяпти. Чикаголик ўзимизнинг ўзбек йигитига. Шу хурсандчилик маросимига ҳам барча ўзбеклар таклиф қилинган. Худди Ўзбекистондаги каби автобуслар ёллаб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб, Чикагога қиз узатиб кетяпмиз.