АҚШ фуқаролигидан воз кечиш ҳолатлари кўпайган

455-02-13АҚШ ҳукуматининг расмий нашри — Federal Registerга кўра, чет элда истиқомат қиладиган америкалик ўз фуқаролигидан воз кечиш ҳолатлари тобора кўпайиб бормоқда. Экспертларнинг фикрича, бу мамлакат солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар билан боғлиқдир.

Расмий нашрга кўра, 2013 йилнинг иккинчи чорагида 1131  нафар киши АҚШ фуқаролигидан воз кечган. 2012 йилнинг бу даврида эса ушбу кўрсаткич бор-йўғи 189 нафар кишини ташкил қилган. Агар 2008 йилнинг биринчи ярмида 235 киши АҚШ фуқаролигидан воз кечган бўлса, жорий йилнинг ярмида бу миқдор 1810 нафар кишига етди.

Қайд этилишича, бу аввало, хорижий банклардаги ҳисоб-рақамларни солиққа тортишга оид қонун (Fatca)нинг кучга кириш санаси яқинлашаётгани билан билан боғлиқдир. Қонун 2010 йилда қабул қилинган бўлиб, уни кучга киритиш икки марта кечиктирилди. Яқинда АҚШ ҳукумати ушбу қонунни амалиётга татбиқ этишни 2014 йил 1 июлга қадар узайтиришини маълум қилди.

Қонун хорижий банкларда АҚШ фуқаролари ёки уларнинг улуши бўлган чет эл компаниялари томонидан очилган ҳисоб-рақамлар тўғрисидаги маълумотларни АҚШ солиқ бошқармасига тақдим қилиш мажбуриятини юклайди. Агар банк бундай ахборотни беришдан бош тортса, АҚШ ҳукумати мазкур банкнинг Америка резидентлари маблағлари амалиётидан кўрган даромадидан 30 фоиз миқдорида даромад солиғи тўлашни талаб қилиши мумкин.

Америка ҳукумати вакилларига кўра, сўнгги 10 йилда мазкур қонун мамлакат бюджетига 8 миллиард қўшимча маблағ келтиради. Шу кунга қадар Германия, Буюк Британия, Швейцария, Ирландия, Испания, Норвегия АҚШ билан ҳукуматлараро шартнома имзолаган, мазкур шартномалар сўралган ахборотни АҚШ ҳукуматига тақдим этишни кўзда тутади.

Аксарият банклар эса ушбу қонуннинг ҳаддан ташқари мураккаблигини айтишмоқда. Негаки, қонуннинг чоп этилган нусхаси 500 саҳифадан ортади.

АҚШ фуқаролари қаерда яшашидан қатъи назар даромад солиғи тўлашни талаб қиладиган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо ягона давлат ҳисобланади. Шу боис айрим америкаликлар ўз активларини хорижий мамлакатларда яширишга уринишади.

2011 йилдан бери АҚШ фуқаролари Солиқ бошқармасига 8938 шаклини тўлдириши талаб қилинади. Унда хориждаги барча активлар кўрсатилиши керак. Агар мазкур шакл тўлдирилмаса, АҚШ фуқароси 50 минг доллар миқдорида жаримага тортилади. Мабодо хорижий банкдаги ҳисоб-рақам солиқ декларациясида кўрсатилмаса, АҚШ фуқароси у ерда сақланаётган маблағнинг ярмидан ажралиб қолиши мумкин.

SHARE