Ўзбекистонда йўловчилар ер ости йўлидан ўтишга қачон кўникади?

Chorsu1«Чорсу» бозори бекати ёнидаги ерости йўлакчаси олдида турибман. Кимдир шоша-пиша бозорга, яна кимдир бекатга ошиқади. Йўлни кесиб ўтиш учун айримлар ерости йўлакчасига тушса, баъзилар катта тезликда келаётган машиналар билан иши йўқ: йўлдан югуриб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Айниқса, машиналарга светофорнинг қизил чироғи ёнганда, катта чорраҳа, гўёки «пиёдалар йўлакчаси»га айланяпти”, деб ёзади “Оила даврасида” газетасининг мухбири Шаҳобиддин Расулов.

Журналистнинг кузатишича, бир дақиқа ичида қарийб элликка яқин одам ерости йўлакчасига тушган бўлса, шуларнинг яна тенг ярми йўлдан югуриб ўтади. “Улардан бирини чақириб, гапга тутмоқчи бўлдим, «иш қуролим»­ни кўриб, кимлигимни пайқади шекилли, қўлини пахса қилиб кетди”, деб куюнади журналист.

Журналистнинг афсус билан ёзишича, улар орасида кап-катта, кўринишидан зиёли одамлар, бобою бувилар ҳам талайгина. Бу каби хунук хатти-ҳаракатлар одамлар гавжум, машиналар серқатнов жойларда кузатилиши янада ачинарли.

Мухбир савол туғилади: балки улар ўз ҳаётини хавф остига қўяётганини билмас?! Аммо бахтсиз ҳодиса юз берса, ҳар қандай вазиятда автотранспорт ҳайдовчиси ҳам жавобгар бўлиши мумкинлигини наҳот ўйлашмаса?

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддаси биринчи қисмига асосан, пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши энг кам иш ҳақининг  учдан бир қис­ми миқдоридаги жаримага сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати инспектори Акмал Юнусовга кўра, ҳар учта йўл транспорти ҳодисасининг биттаси пиёдалар иштирокида содир бўлади. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бу фақат автотранспорт эгаларининг бурчига кирмайди, бунга барча бирдек масъул.

“Кўпчилик «йўлнинг устидан ўтсам, вақтдан ютаман», деб ўйлайди. Аммо бу нотўғри. Биз бу масала бўйича пойтахтимизнинг Чорсу мавзесида ўзига хос тажриба ўтказдик. Катта чорраҳадаги ерости йўлакчаси билан йўлдан ўтишда кетадиган вақтнинг оралиғини ўргандик. Тажриба шуни кўрсатдики, ерости йўлакчасидан ўтиш учун 46 сония вақт кетган бўлса, йўлда бу кўрсаткич (машиналарнинг узлуксиз қатновини ҳам инобатга олсак) 1 дақиқаю 10 сония­ни ташкил этди”, дейди ЙҲХ ББ вакили.

“Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давлат бюджетидан ҳар йили катта маблағ ажратилади. Йўл белгилари ўрнатилади, ерости йўлакчалари қурилади. Лекин тан олиш керакки, бундай шарт-шароит, қулайликлардан айримлар кўз юмиб ўтиб кетгандай муносабатда бўлмоқда. Аслида, йўлларда ҳаракатланиш маданиятига тўлиқ риоя қилсак, ўз маънавиятимизни намоён этиш билан бирга, турли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга ҳам ҳисса қўшган бўламиз”, деб хулоса қилади журналист.