Ўзбекистон реклама бозорининг 52 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади

    553202_388915337805727_1530298943_n

    Ўзбекистон реклама бозори таҳлили шуни кўрсатадики, 2012 йил якунларига кўра, мамлакатда реклама агентликлари сони 482 тани ташкил этган бўлса, жорий йил олти ойида бу кўрсаткич 494 га етди.

    Реклама берувчилар орасида телевидение кенг оммалашган бўлиб, бозорда реклама қилинаётган маҳсулотларнинг 52 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келмоқда. Кейинги ўринларни босма нашрлар (19 фоиз), ташқи реклама (14 фоиз) ва радио (12 фоиз) эгаллаб турибди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳридаги ижросини ўрганиш якунларига бағишланган йиғилишида маълум қилинган.

    Қайд этилишича, мамлакат реклама бозорининг 52 фоизи Тошкент шаҳри улушига тўғри келади. Пойтахтда рўйхатга олинган икки юзта реклама соҳаси тадбиркорлик субъектларининг 68 таси ихтисослаштирилган реклама агентликларидир. Шаҳарда 4,1 мингдан зиёд ташқи реклама воситаси жойлаштирилган бўлиб, уларнинг учдан бир қисми юқори технологик воситалардир. Яъни, LCD экранлардан фойдаланган ҳолда намойиш этилмоқда. Рекламанинг ўртача 35 фоизи телевидение каналлари, 24 фоизи радиостанциялар, 23 фоизи босма нашрлар орқали тарқатилаётган бўлса, 18 фоизи ташқи рекламадир.

    Айни пайтда ҳудудларда, хусусан, Самарқанд вилоятида ҳам реклама бозори жадал ривожланмоқда. Бу ерда реклама бозорининг 42 фоизини телевидение, 14 фоизини радио, 28 фоизини босма нашрлар, 16 фоизини ташқи реклама ташкил этади. Реклама бозорида таклиф этилаётган маҳсулотларнинг 80 фоизи мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг товар ва хизматларидан иборат.

    Шу билан бирга, йиғилишда хўжалик субъектларининг реклама фаолияти ижтимоий йўналтирилган хусусиятга эга бўлиши, умумқабул қилинган одоб-ахлоқ норма ва анъаналарига мос келиши лозимлиги қайд этилди.