Питерда “русча тозалаш” иштирокчилари қўлга олинган

cr18tuf4JPQ

Ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, якшанба куни Санкт-Петербургда жамоатчилик тартибини бузганликда айбланиб, 18 киши қўлга олинган. Уларни маъмурий жавобгарликка тортиш масала кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда BBCRussian хабар тарқатди.

“Регнум” ахборот агентлиги хабарда келтирилишича, қўлга олинганлар “Русча тозалаш”ни амалга оширган гуруҳ иштирокчилари ҳисобланади. Агентликка кўра, бир неча ўн ёш кишилар “Мен — русман” деб ёзилган футболкаларда полиз маҳсулотлари ва мева-чева сотувчиларидан ҳужжат талаб қила бошлаган.

Адвокатга кўра, улар орасида вояга етмаганлар ҳам бор. Полиция вакиллари жиноятчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “ўзбошимчалик” моддаси бўйича айб қўяди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 28-29 июль кунлари Санкт-Петербургда футболкасига “Мен русман” деб ёзилган бир гуруҳ ёшлар бейсбол дастаклари билан қуролланиб, шаҳар кўчасидаги бозорлардаги савдогарлардан шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар талаб қила бошлаган. Улар асосан мигрантларнинг кўча бўйидаги савдо расталарини бузиб, маҳсулотларини вайрон қилиш билан шуғулланишган. Миллатчилар гуруҳига “Рус партияси”нинг Санкт-Петербург бўйича раҳбари бошчилик қилган.

Афсусланарли тарафи шундаки, уларнинг хатти-ҳаракатларини ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Питердаги бошқа гуруҳлар очиқчасига қўллаб-қувватламаган бўлса-да, улар фаолиятига тўсқинлик қилмаган. Бундай бебошликни амалга оширганлар фикрича, улар шу йўл орқали мигрантларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини оғирлаштиришмоқчи бўлишган. Миллатчилар хатти-ҳаракатлари туширилган видео ролик интернетга ҳам жойлаштирилган.

РФ Ички ишлар вазирлиги Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бош бошқармаси ушбу воқеа юзасидан РФ Жиноят кодексининг 213-моддаси бўйича жиноий иш очилган. Бунга интернетга жойлаштирилган видеоролик ва фуқаролар мурожаати туртки берган. Аммо сўнгги маълумотлар бунинг аксини кўрсатмоқда.

“Жамоатчиликнинг вазифаси шуки, у ҳокимиятга мурожаат қилиш ва ўз эътирозини билдириши керак. Қандайдир тозалаш ишларини амалга ошириш бу — ноқонуний”, деб изоҳ беради айрим миллатчиларнинг ҳаракатига Санкт-Петербург тадбиркорликни ва истеъмол бозорини ривожлантириш бўйича қўмитаси раиси Эльгиз Качаев.

Санкт-Петербургдаги фуқаролик ташаббуслари қўмитаси етакчиси Сергей Ципляевга кўра, бундай воқеалар нормаль жамиятлар учун йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир. “Мажбурлаш чорасини қўллашга фақат давлат қодир, ҳеч ким унинг функциясини ўзига олишга ҳаққи йўқ, аммо, афсуски, давлатнинг ўзи бунга йўл очмоқда”, дейди у, жумладан.

Шаҳар қонунчилик кенгаши депутати Маким Резник миллатчилар ишига салбий қарашини айтиб ўтган: “Уларнинг ҳаракати мамлакат учун оғир оқибатларга олиб келади. Бундай ҳолатлар Россия ҳуқуқ тартибот тизими томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳисобига илдиз отмоқда”.