Питерда мигрантлар миллатчилар “суд”ига дуч келишди

 cr18tuf4JPQШу йилнинг 28-29 июль кунлари Санкт-Петербургда футболкасига “Мен русман” деб ёзилган бир гуруҳ ёшлар бейсбол дастаклари билан қуролланиб, шаҳар кўчасидаги бозорлардаги савдогарлардан шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар талаб қила бошлаган. Улар асосан мигрантларнинг кўча бўйидаги савдо расталарини бузиб, маҳсулотларини вайрон қилиш билан шуғулланишган. Миллатчилар гуруҳига “Рус партияси”нинг Санкт-Петербург бўйича раҳбари бошчилик қилган.

Афсусланарли тарафи шундаки, уларнинг хатти-ҳаракатларини ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Питердаги бошқа гуруҳлар очиқчасига қўллаб-қувватламаган бўлса-да, улар фаолиятига тўсқинлик қилмаган. Бундай бебошликни амалга оширганлар фикрича, улар шу йўл орқали мигрантларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини оғирлаштиришмоқчи бўлишган. Миллатчилар хатти-ҳаракатлари туширилган видео ролик интернетга ҳам жойлаштирилган.

Ҳаммаси 16 июль куни бошланди. Санкт-Петербург туманидаги фуқолар йиғини намойишга чиқади. Намойиш гарчи шаҳар мэрияси билан келишилмаган бўлса-да, уларга ҳеч ким қаршилик кўрсатмайди. Улар 127 нафар киши имзоси чекилган ариза билан Федерал миграция хизматининг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи Елена Дунаева истеъфосини талаб қилишади. Йиғин мигрантларни чиқариб юборишни талаб қилади ҳамда миграция хизматини ёмон иш олиб борганликда айблади. Одамларнинг кўчага чиқишига туртки берган омил, расмий манбаларга кўра, 10 июль куни ўзбекистонлик томонидан вояга етмаганга нисбатан зўрлашга ҳаракат қилгани бўлган. Елена Дунаеванинг айтишича, ўзбекистонлик Питерда қонуний ишлаган. Аммо намойишга чиққанлар кўпроқ миллатчилик руҳидаги шахслар бўлиб, улар билан мулоқотнинг қилишнинг иложи йўқ. Аммо воқеанинг кенг жамоатчилик нигоҳига тушиши жиддий реакцияга сабаб бўлди.

Сўнгги маълумотларга кўра, РФ Ички ишлар вазирлиги Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бош бошқармаси ушбу воқеа юзасидан РФ Жиноят кодексининг 213-моддаси бўйича жиноий иш очилган. Бунга интернетга жойлаштирилган видеоролик ва фуқаролар мурожаати туртки берган. Йигирма кишидан иборат гуруҳ қўлга олингани ҳақида ҳам ахборотлар мавжуд.

“Жамоатчиликнинг вазифаси шуки, у ҳокимиятга мурожаат қилиш ва ўз эътирозини билдириши керак. Қандайдир тозалаш ишларини амалга ошириш бу — ноқонуний”, деб изоҳ беради айрим миллатчиларнинг ҳаракатига Санкт-Петербург тадбиркорликни ва истеъмол бозорини ривожлантириш бўйича қўмитаси раиси Эльгиз Качаев.

Санкт-Петербургдаги фуқаролик ташаббуслари қўмитаси етакчиси Сергей Ципляевга кўра, бундай воқеалар нормаль жамиятлар учун йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир. “Мажбурлаш чорасини қўллашга фақат давлат қодир, ҳеч ким унинг функциясини ўзига олишга ҳаққи йўқ, аммо, афсуски, давлатнинг ўзи бунга йўл очмоқда”, дейди у, жумладан.

Шаҳар қонунчилик кенгаши депутати Маким Резник миллатчилар ишига салбий қарашини айтиб ўтган: “Уларнинг ҳаракати мамлакат учун оғир оқибатларга олиб келади. Бундай ҳолатлар Россия ҳуқуқ тартибот тизими томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳисобига илдиз отмоқда”.