Хуршид Даврон: “Адабиётдан фақат ташвиқот қуроли сифатида фойдаланиш ғирт нотўғри сиёсатдир”

kh-davron.uz
kh-davron.uz

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг фикрича, адабиётда ҳар бир авлод ўзидан кейинги авлоднинг кучли ва ожиз томонлари ҳақида гапириши ҳам ўзига хос анъанага айланиб қолган.

“Назаримда, олдинги авлод ўзи амалга оширолмаган мақсад ва тажрибаларни кейинги авлодга “юклаш”га уринади, яъни ўз камчиликларини ёшларнинг камчилиги сифатида кўра бошлайди.

Ёшлик, энг аввало, шаклланиш жараёнидир”, дейди шоир Беҳзод Фазлиддин билан “Китоб дунёси” газетасида чоп этилган суҳбатида.

Унинг фикрича, адабиётга гумбурлаб кирганида “адабиётнинг келажаги”, “бўлажак юлдуз” деб баҳоланган, замон ўтиб, оддий ёзувчилар уюшмаси аъзосига айланган ижодкорлар бор. Шунинг учун, ёшлик мавсумида ғайбдан берилган қобилиятини тинимсиз изланиш билан уйғун эта олган ижодкоргина кўзлаган мақсадига етади, деб ўйлашини айтади.

Шоир кўпчилик бугунги ёшлар ижоди ҳақида гапирганда, “Улар бахтли авлод, хоҳлаган мавзуда, истаган услубда ёзиш имкониятига эга” деган гапни бот-бот такрорлайди, деб қайд этади. Унинг фикрича, юу жуда нисбий гап. Истеъдодли ижодкор, агар унинг истеъдоди қатъият билан эгизак туғилган бўлса, ҳар қандай шароитда исталган мавзу ва услубда ўзи истаган сўзни айта олади.

Хуршид Даврон ўзбек адабиётининг энг ожиз томони, аввало, адабий жараён професионаллашмаганида, яъни ижодкорлик асосий ҳаёт тарзига айланмаганида, у ҳамиша қандайдир иккинчи ўринда қолиб кетганида, деб айтади. “Ижод ХХ аср (бугун ҳам) ўзбек ёзувчиси учун ҳамиша Турмуш деган очофатдан кейинги ўринда турган. Сўз олдидаги Бурч ва Масъулият ҳақида адолатли ва чиройли гаплар айтиб бу ҳолатдан кўз юмиш мумкиндир, аммо иситмаси ошкор қилаверади”, дейди шоир.

Унинг фикрича, бизнинг тарихан шаклланган назаримизда Шоир (Ижодкор) тушунчаси ҳамиша қийин шароитда фақирона (тасаввуфдаги фақрлик бошқа, албатта) яшаган инсон тимсоли билан боғлиқ. “Мойчироғу лампачироқ ёруғида шундай тенгсиз сатрлар ёзилган” деймиз. Уй-жойсиз ижод қилган Машрабу Муқимийни мисол қилиб келтирамиз. Аммо муайян маънода фаровон ҳаёт кечирган биргина Алишер Навоий қолдирган мерос гап айнан ижодкор қандай шароитда яшагани билан ҳам боғлиқлигини исботлайди.

Хуршид Даврон бугунга хос яна бир жиддий камчилик адабий жараённинг “кўлмак”ка айланиб бораётганида намоён бўлаётганини айтади. “Биз адабиётга кириб келган йилларда адабий жараён юксак тоғдан шарқираб оқаётган сойга ўхшарди. Олаётган нафасимиз ҳам шеър билан, ижод билан тўйинган, янги чиққан китобгина эмас, газетада босилган ҳикоя, ҳатто биттагина шеър юз минглаб юракларни ҳаяжонга солганини кўриб, билиб, ҳис қилиб турардик”, дейди у.

Шоирнинг ёдга олишича, Тошкентда, қайсидир ўқув юрти ётоқхонасида жаранглаган шеър эртагаёқ Қўқон чойхонасида, Хивадаги мактабда, Чироқчидаги шийпонда акс садо берарди. Адабий ҳаёт дарёдай ҳайқириб оқарди.

Шоирга кўра, бугун адабиётимизда жуда кучли ёзувчи ва шоирлар ижод қиляпти. Янги дунёқараш, янги тажрибалар шаклланаяпти. Аммо уларни идрок этиш, уларга муносиб баҳо бериш заиф аҳволда. Адабиёт фақат адабиёт аҳлининг иши эмас. “Адабиёт миллий масаладир. Адабиётни фақат оғир кунларда эслаб, ундан фақат фожиали паллаларда ёки ташвиқот қуроли сифатида фойдаланиш ғирт нотўғри сиёсатдир. Адабиёт ҳар куни, ҳар лаҳза ҳаётимизда мавжуд бўлиши, худди тонг саҳарлаб новвой нон ёпганидек, автобуслар бизни ишхоналаримизга элтганидек ҳаётимизда доимий иштирок этиши керак”, дейди ижодкор.

Суҳбатнинг тўлиқ матни Хуршид Давроннинг шахсий сайтида эълон қилинган.

SHARE