Ўзбекистонда сланецни қайта ишлайдиган 600 миллион долларлик завод қуриш режалаштирилмоқда

611924b5d853_2883682854

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, «Ўзнефтгаз» миллий холдинг компанияси сланец  жинсларини қайта ишлайдиган завод қуриш учун тендер эълон қилган. Қайд этилишича, завод Навоий вилоятидаги «Сангрунтоғ» кони жойлашган ҳудудда барпо этилади. Мамлакат раҳбарияти завод қуриш учун «Ўзнефтгаз»га тегишли чораларни кўришни топширган. Ноябрь ойида тендер учун тегишли ҳужжатлар тайёр бўлиши, йил охирида эса заводни қурувчи асосий пудратчи аниқ бўлиши керак.

Ўзбекистон ҳукумати ва «Ўзнефтгаз» миллий холдинг компанияси ҳисоб-китобига кўра, завод қурилгач, у икки йил давомида йилига 2 миллион тонна сланецни қайта ишлаши керак.  Истиқболда завод қувватлари кучайтириб борилади.

«Биржевой лидер»нинг ёзишича, ушбу заводнинг лойиҳаси 2012 йилда Россиянинг Атомэнергопроект институти олимлари томонидан ишлаб чиқишган. Ўзбекистон ҳукумати мазкур заводни «Ўзнефтгаз» МХК, шунингдек, хорижлик инвесторлар, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобига барпо этишни режалаштирмоқда. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳани тўлиқ рўёбга чиқариш 600 миллион долларга айланади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон сланец рудаларига бой мамлакат бўлиб, бундай захиралар республикада 47 миллиард тоннага етиши мумкин. «Сангрунтоғ» кони сланецга бой бўлиб, у ердаги сланец материалларининг 30 фоизи дизель смоласидир. Ўзбекистонда, шунингдек, сланецга бой бошқа кўплаб конлар ҳам мавжуд. Булар Бойсун, Жом, Ўртабулоқ, Оқтоғ, Учқир, Қўлбешқоқдир.

Сланец тоғ жинси бўлиб, саноатда, энергетика соҳасида кенг ишлатиладиган хом ашё ҳисобланади. У истиқболли қазилма ҳисобланади.