Жон Маккейн: “Россиянинг ҳаракатлари АҚШга нисбатан ҳурматсизлик ва уни камситишга қаратилгандир”

a (2)a (2)a (2)edward-snowden-drops-bid-for-russian-asylum-after-putin-tells-him-to-stop-leaking (1)Россия Федерацияси Америка хавфсизлик хизматига тегишли маҳфий дастурларни дунёга ошкор қилган Эдвард Сноуденга вақтинчалик, яъни бир йилга бошпана тақдим этди.

Россия оммавий ахборот воситалари ушбу қарор Америка — Россия муносабатларига салбий таъсир кўрсатишини маълум қилган.

“КоммерсантЪ”да Давлат думаси депутати Вячеслав Никоновнинг айтишича, ҳар қандай қарор Россиянинг юзини шувут қиларди. “Агар сиёсий бошпана тақдим қилмаганимизда, Россия билан ҳисоб-китоб қилишарди, буни, албатта, биринчи бўлиб америкаликлар қиларди”, дейди у, жумладан.

Думанинг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси Алексей Пушковнинг фикрича, бу инқирозни Американинг ўзи яратди. “Обаманинг “қандайдир 29 яшар йигитча учун самолётни қўнишга мажбур қилмаслиги” ҳақидаги гапига қарамасдан улар Боливия президенти самолётини тўхтатиб Сноуденнинг йўлини бекитишга интилишди. Энди Сноуден бир умр Россияда қолиши мумкин”, деди қўмита раиси.

Россия президенти ёрдамчиси (маслаҳатчиси) Юрий Ушаков вазиятга катта аҳамият қаратмасликка ҳаракат қилмоқда. “Сноуден иши” Россия ва АҚШ муносабатларига таъсир кўрсатадиган даражада аҳамиятга эга эмас”, деди у.

Аммо Америкада бунга бошқача қарамоқда. Оқ уй матбуот котиби Жей Карни мазкур қарор Барак Обаманинг Путин билан Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган “Катта йигирматалик” саммити доирасида учрашувига бевосита таъсир кўрсатади. Бу ҳақда “Ватандош” ёзган эди.

Америкалик экспертларнинг фикрича, Обаманинг Путин билан учрашувдан воз кечиши “мислсиз қадам” бўлиши мумкин. “Совуқ уруш йўлларидан бери бунга ўхшаш нарса юз бергани йўқ эди”, дейди АҚШ миллий разведка хизматининг собиқ ходими, профессор Анжела Стент. BBCRussian ундан иқтибос келтиради.

Сенатор Жон Маккейн эса Россиянинг бу қароридан сўнг Оқ уй ушбу мамлакат билан ҳамкорликни қайта кўриб чиқиши керак: “Россиянинг ҳаракатлари АҚШга нисбатан ҳурматсизлик ва уни камситишга қаратилгандир”.

“Ведомости” газетасининг ёзишича, Сноуденни Россияда қайси компания ишга жалб қилса ҳам, бу ўша компания учун яхшигина реклама бўлади. Гап шундаки, Россиядаги машҳур ижтимоий тармоқ — ВКонтакте асосчиси Павел Дуров Сноуденни ишга таклиф қилди. Дуров Сноуденга фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари хавфсизлиги билан шуғулланишни таклиф қилди.

BNP Paribas эксперти Юлия Цепляеванинг фикрича, Сноуденни ишга қабул қилган ҳар қандай компания Америкада жиддий муаммога дуч келиши аниқ.

Экспертларнинг фикрича, Сноуден, албатта, собиқ хавфсизлик хизмати ходими сифатида бу таклифга розилик билдирмайди. Аммо ишга таклиф америкаликларнинг асабига тегиш орқали жуда кенг пиарни амалга ошириш имкониятидир. Америка ҳукумати ижтимоий тармоқни Сноуденни ишга олгани учун мамлакатдаги биржалардан чиқариб юборишга қонунан ҳаққи йўқ.