Жасур ҲАМРОЕВ: «Кўчада сариқ куйлагини уёқдан-буёққа ҳилпиллатиб, маза-матрасиз қўшиқ куйлаш, бундай истеъдодли санъаткорга ярашмайди»

117711060Ўзбекистонда шоу-бизнесни ёритишга ихтисослашган Shov-shuv.uz сайти раҳбари Жасур Ҳамроев бугунги кунда ўзбек эстрадасининг айрим хонандалари фаолияти ҳамда қўшиқларига ўз муносабатини билдирди.

«Зиёданинг бинойи овози бор. Шунча ютуқларга ҳам эришди», деб ўз сўзини бошлаган Жасур Ҳамроев унинг сўнгги дуэтини тинглаб, тингловчининг энсаси қотишини айтади. «Нима ҳақида куйлаётганини ўзи англаганмикан? Эртага ўз фарзандини ҳам шундай бачкана-ҳазиломуз қўшиқлар таъсирида улғайишини истармикан?», деб савол беради муаллиф.

Шу ўринда айтиш керакки, бу ерда гап «Божалар» гуруҳи ва Зиёда жўрлигида айтилган «Олавер» қўшиқ ва унга олинган клип ҳақида бормоқда.

«Жаҳонгир Позилжонов билан куйлаган дуэти ва унга ишланган клип Зиёдага нисбатан ачиниш ҳиссини уйғотади. Эссиз, шундай ёқимли овоз. Бу овоз билан қандай буюк қўшиқларни куйлаш мумкин? Кўчада сариқ куйлагини уёқдан-буёққа ҳилпиллатиб, маза-матрасиз қўшиқ куйлаш, бундай истеъдодли санъаткорга ярашмайди», дейди Жасур Ҳамроев.

Муаллифга кўра, клипда қишлоқ ҳаётини хор қилиб кўрсатиш ҳазил эмас, “ҳазилнинг таги зил”лигига ишорадай. «Бугунги озод ва обод юртимизнинг бирон қишлоғида “Тез ёрдам” машинаси ўрнида эшакка ўтирган аҳмоқ врач етиб келмайди. Бунақаси ҳақида олдин ҳам эшитмаганмиз, кейин ҳам эшитмасак керак. Бу қишлоқ шароитининг устидан хандон отиб кулишми?», дейди Жасур Ҳамроев.

Шов-шув сайти муаллифи клипдаги нуроний актёрнинг ижросига ҳам эътибор қаратди. «Унинг хазинага очкўзлигини кўра туриб, ёши улуғлигига нисбатан “ҳайф” деган ички “сийлов” беришимиз майли, буниси ҳам етмагандай, бобонинг йўл ўртасида кореялик юлдуз PSYнинг «Gentlman» клипидаги бесўнақай ҳаракатларини такрорлаши эса ақлга сиғмайди. Инсоф берсин буёғига!», деб хулоса қилади.