Ўзбекистонда тадбиркор судни қишлоғига чақириши мумкин

picture-11089

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Тадбиркорлик субъектларини суд орқали ҳимоя қилиш янада мустаҳкамланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди. Ушбу ҳужжат, депутатларга кўра, тадбиркорларга кўпроқ эркинлик бериш, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини янада ривожлантиришга қаратилган.

Масалан, бу “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунга тегишли бўлиб, унда назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят қилиш имконияти назарда тутилган, бироқ, шикоят берилиши қарорларнинг амал қилишини тўхтатиб турмайди. Хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва уларга қўшимча кафолатлар яратиш мақсадида қонун лойиҳасида текширилаётган хўжалик юритувчи субъект томонидан судга шикоят берилганда кўрсатиб ўтилган хатти-ҳаракатлар ёки қарорларнинг ижросини тўхтатиб туриш мумкин.

Шунингдек, қонунда хўжалик судлари томонидан сайёр суд мажлисларини ўтказиш имкониятини белгиланган. Депутатларнинг фикрича, мазкур амалиёт республиканинг олис туманларидаги тадбиркорлик субъектларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятини оширишга кўмаклашади, бу эса уларнинг транспортга сарфланадиган харажатларини жиддий равишда камайтиради.

Қонун тадбиркорлик субъектларини суд орқали ҳимоя қилишни янада мустаҳкамлашга, шунингдек, судларда тадбиркорлик субъектлари ишларининг сифатлироқ кўриб чиқилишига кўмаклашади.

Қонун кучга кириши учун шу йилнинг 22-23 август кунлари Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланиши ҳамда Президент томонидан имзоланиб, матбуотда эълон қилиниши керак.

SHARE